Футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасининг 24-туридан ўрин олган “Насаф“ – “Сўғдиёна“ учрашуви 0:1 ҳисобида якунланди.
Қарши шаҳридаги “Марказий“ стадионида ўтказилган учрашувдаги ягона голга “Сўғдиёна“ жамоаси аъзоси Станислав Андреев 90+1 дақиқада муаллифлик қилди. Мазкур ғалабадан сўнг, ушбу клуб очколарини 40 тага етказиб, учинчи ўринга кўтарилиб олди.

Намангандаги “Марказий“ стадионида ўтказилган “Навбаҳор“ ва “Пахтакор“ клублари баҳси 5:2 ҳисобида якунланди. Голларга бой ўтган ушбу ўйиндан сўнг “Лочинлар“ турнир жадвалида 39 очко жамғариб, тўртинчи поғонага чиқиб олган бўлса, “Шерлар“ 38 очко билан 5-ўринда қолди.
Шунингдек, ушбу турда “Сурхон“ ҳамда “Нефтчи“ ўртасидаги тўқнашувда ҳисоб очилмади ва жамоалар бир очкодан бўлишиб олди. Бугун, 10 ноябрь куни Суперлига 24-турининг сўнгги ўйини “Андижон“ – “Қизилқум“ жамоалари ўртасида кечади. Учрашув “Бобур аренада” соат 17:00да старт олади.

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА