“Пахтакор” карвонбошиликни ҳеч кимга бермаяпти
Футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигаси 9-тури ҳам ўз якунига етди. Мазкур турнинг сўнгги кунида учта ўйин ўтказилди. Жумладан, “Хоразм” – “Нефтчи” учрашуви 0:2 ҳисобида якунланган бўлса, “Қизилқум” – “Қўқон-1912” учрашувида 2:1 ҳисоби қайд этилди. “Бунёдкор” эса ўз майдонида “Андижон”га 1:3 ҳисобида имкониятни бой берди.
Ушбу турда қайд этилган натижалардан сўнг, “Пахтакор” ва “Нефтчи” клублари 24 очко жамғарган ҳолда лига жалвалида карвонбошилик қилмоқда. “Навбаҳор” эса 19 очко билан учинчи ўринда қолди. Шунингдек, “Бунёдкор” 16, “Локомотив” ва “Бухоро” 14, “Насаф”, “Хоразм”, ОКМК ва “Қизилқум” клублари бир хил 12 очко жамғариб, 4-10-поғоналарни банд этмоқда. Мусобақанинг ўрта поғоналарида “Сурхон” 11, “Андижон” 10, “Динамо” ва “Қўқон-1912” 8 очко билан бораётган бўлса, қуйи ўринлардан “Сўғдиёна” 6 очко билан, “Машъал” эса ҳамон очкосиз ўрин олган.

Ўтган 9 та тур мобайнида Достонбек Ҳамдамов (“Пахтакор”) ва Люпчо Дориёв (“Сўғдиёна”) рақиб дарвозасига 6 тадан гол уриб, тўпурарлар рўйхатида пешқадамга айланган. Уларни 5 тадан гол билан Темурхўжа Абдухолиқов (“Локомотив”), Стипе Перитса (“Нефтчи”) ва Стефан Чинеду (“Сурхон”) таъқиб қилмоқда.

Дарвоқе, бу турда энг кўп мухлис Хоразмда ўтган “Хоразм” – “Нефтчи” клублари баҳсида кузатилди. Учрашувни стадиондан томоша қилиш учун 11 минг 270 нафар мухлис ташриф буюрди.
Ўзбекистон Суперлигасида 10-тур баҳслари 27–29 апрель кунлари бўлиб ўтади. Барча учрашувлар анъанавий тарзда кечки вақтга белгиланган.
Турни 27 апрель куни “Машъал” — “Бухоро” ва ОКМК — “Локомотив” жамоалари ўртасидаги ўйин бошлаб беради. Учрашувлар бир хил - соат 19:00 да бошланади. 28 апрель куни эса “Андижон” — “Динамо”, “Сўғдиёна” — “Сурхон” (19:00) ва “Пахтакор” — “Насаф” (20:00) ўртасидаги ўйинларга гувоҳ бўламиз. Шунингдек, 29 апрель санасида “Қизилқум” — “Хоразм”, “Нефтчи” — “Қўқон-1912” (19:00), “Бунёдкор” — “Навбаҳор” (20:00) тўқнашувлари бўлиб ўтади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА