Пахтачилик илмида устоз-шогирд анъаналари (+видео)
Генетика жонли организмлардаги наслдорлик ва турланишни ўрганувчи мураккаб фандир. Бу йўналишда илм қилишнинг ўзи бўлмайди. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Генетика ва Ўсимликлар экспериментал биологияси институти етакчи илмий ходими Дилрабо Эрназарова ушбу қийин соҳани танлаб, биология фанлари доктори даражасига эришди.
Ёш тадқиқотчи сифатида ўз илмий фаолиятини 23 йил муқаддам ушбу нуфузли илмий муассасада машҳур генетик олима, биология фанлари доктори, профессор Сафия Ризаева раҳбарлигида бошлаган. Унинг тадқиқотлари ёввойи ғўза турларининг ўзаро қариндошлик даражасини аниқлашга қаратилган бўлиб, 2008 йилда номзодлик, 2023 йилда эса докторлик диссертацияларини муваффақиятли ҳимоя қилган.
Бугун эса устоз-шогирд анъаналари давом этиб, ўсимликлар генетикаси борасида эгаллаган билимларини ёшларга улашиб, ўз навбатида шогирдлари ҳам бир қатор ютуқларга эришди.
Масалан, Асия Сафиуллина мазкур институтда фаолият юритиб келаётган ёш ва истиқболли тадқиқотчи ҳисобланади. У ғўза генетикаси ва селекцияси соҳасида олиб борган илмий тадқиқотлари натижасида яқинда биология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини муваффақиятли ҳимоя қилди. Ёш олимага мазкур йўналишда янгилик киритишида Дилрабо Эрназарованинг ўгитлари қўл келди.
- Тадқиқотларимиз ичида иссиққа чидамли генларни ўрганиш, шу асосда бошқа намуналарга киритиш бўйича илмий тадқиқотлар олиб боряпмиз, - дейди Фанлар академияси Генетика ва Ўсимликлар экспериментал биологияси институти тадқиқотчиси Асия Сафиуллина. – Асосий мақсад ўрганилмаган ноёб объектларнинг қайсидир қимматли белгилари ўрганилмаган бўлса, шуларни илмий ўрганиш ва шу асосда навларнинг бошланғич манбааларини яратиш. Қайта-қайта чатиштириш асосида янги навлар олиш.
Асия Сафиуллина ўз тадқиқотларида ўрта толали ғўза генофондига мансуб ёввойи турларидан фойдаланган ҳолда мавжуд навларнинг қимматли хўжалик хусусиятларини яхшилаш борасида изланишлар олиб борди. Унинг PhD тадқиқоти доирасида айрим ёввойи ғўза шаклларининг филогенетик яқинлик даражаси молекуляр усуллар асосида ўрганилди ва улардаги селекцион жиҳатдан муҳим белги ва хусусиятлар аниқланди. Бу эса миллий селекциямиз учун муҳим бўлган янги, ноёб бошланғич манбаларни ажратиб олиш имконини берди.
Асия Сафиуллинанинг илмий иши нафақат назарий жиҳатдан, балки амалий селекция ишларида ҳам катта аҳамият касб этади. Ушбу натижалар ёрдамида маҳаллий ғўза навларини яхшилаш, хусусан, уларнинг ҳосилдорлиги ва стресс омилларга чидамлилигини оширишга хизмат қилувчи янги генетик манбалар етишиб чиқиши кутилмоқда.
Қаҳрамонимиз Дилрабо Эрназарова ҳозирги кунда, мазкур институтнинг "Ўсимликлар геном тадқиқотлари" лабораториясида кўплаб талаба ва магистрлар, шунингдек ёш тадқиқотчиларга билим ва тажрибасини бағишлаётган, жонкуяр устоз сифатида фаолият юритиб келмоқда. Унинг илмий раҳбарлигида етишиб чиқаётган кўплаб ёш олима-тадқиқотчилар бугунги кунда ўз илмий изланишларида салмоқли ютуқларга эришмоқда.
Олималаримизнинг ютуқлари энг аввало юртимизда илмий мероснинг узвийлиги, устоз-шогирд анъаналарининг изчил давом этаётганлигидан далолатдир.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/SIDxGSQO2Bs" title="Paxtachilik ilmida ustoz-shogird an’analari" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Санжар Тошпўлатов, Аброр Содиқов, Улуғбек Тўхтаев, ЎзА