
Андижонда пахтачилик истиқболлари, соҳага илғор ва инновацион иш услубларини жорий этиш, ҳосилдорликни ошириш масалаларига бағишланган кўргазмали семинар бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда қатор ташкилотлар ҳамкорлигида Андижон вилояти Олтинкўл туманидаги “Бахт имкон ривож чорваси” фермер хўжалиги даласида семинар ташкил этилди. Унда Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов, Андижон, Фарғона ва Наманган вилояти ҳокимларининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосарлари, қишлоқ хўжалиги бошқармалари, пахтачиликка ихтисослашган кластер корхоналар, фермер хўжаликлари раҳбарлари, мутасадди ва мутахассислари иштирок этди.
Тадбирда Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари, Дон ва дуккакли экинлар илмий-тадқиқот институтлари, Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази ва бошқа мутасадди ташкилотлар томонидан маҳаллий ҳамда хорижий уруғлар, минерал ўғитлар, қишлоқ хўжалиги техникалари кўргазмаларда намойиш этилди.
Иштирокчилар дастлаб ана шу кўргазмалари, шунингдек, “Бахт имкон ривож чорваси” фермер хўжалиги даласида 76 схемага, томчилаб суғориш технологияси асосида плёнка остига қўшқатор экилган чигитнинг ривожланиши, парвариш жараёнлари, дала бўйидаги зовурда ўрдак боқишнинг қай тартибда йўлга қўйилганлиги билан танишди.
Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазири И.Абдураҳмонов, мутахассислар томонидан пахтачиликда илғор инновацион агротехнологияларни амалиётга жорий этиш, уларнинг қулайлик ва афзалликлари ҳақида кенг маълумотлар берилди.
– Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларидан юқори ҳосил олиш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади, – дейди Қишлоқ хўжалиги вазири И.Абдураҳмонов. – Ана шу мақсадга эришишнинг энг мақбул йўли – илғор, инновацион агротехнологияларни амалиётга жорий этиш, қолаверса, илм-фан ютуқларидан самарали фойдаланишдир. Ўтказилаётган кўргазмали семинарнинг асосий мақсади ҳам фермерларга, мутахассисларга ана шу илғор агротехнологияларнинг афзалликлари, самарадорлигини тушунтириш, тарғибот этишдан иборат.
Масалан, пахтачиликда янги технология, яъни томчилатиб суғоришга мўлжалланган, плёнка остига 76 схема асосида қўшқатор чигит экиш юқори самара беради. Бу усул ниҳолнинг бир меъёрда ўсиб чиқишини, кўчат остида доимий намлик сақланишини, энг асосийси, эрта ва юқори ҳосил олиш имконини беради.
Шунингдек, семинарда ернинг маҳаллий шароитидан келиб чиқиб, турли касалликларга чидамли уруғларни танлаш ва экиш ҳам юқори ҳосил олишда муҳим эканлиги алоҳида қайд этилди.
Олтинкўл туманидаги 137 та пахта ва ғаллачиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари томонидан жорий йилда 3 минг 640 гектар майдонда пахта етиштирилмоқда. Ушбу майдоннинг аксариятига 76 схемали якка ва қўшқатор усулда чигит экилди. Синов тариқасида 2,5 минг гектар майдонга хитой усулида экилди. Бундан ташқари, айрим хўжаликларнинг маълум қисм ер майдонларига Хитойнинг “Xin Lu Jong 52” нав уруғи экилди. Мутахассисларнинг таъкидлашича , ушбу нав кўсак қуртига чидамлилиги, эрта пишиши ва юқори ҳосилдорлиги билан ажралиб туради.
Семинар давомида иштирокчиларга инновацион усулларни жорий этиш, илғор тажрибалардан фойдаланиш ва самарали иш юритиш юзасидан таклиф ҳамда тавсиялар берилди.
Шунингдек, маҳсулот етиштириш, экспортга йўналтириш, умуман, мазкур йўналишдаги ишларни самарали ташкил этиш юзасидан керакли маълумотлар берилди.
[gallery-22899]
– Семинарда иштирок этиб, пахтадан юқори ҳосил олиш борасида амалий қўлланмалар олдим, – дейди семинар иштирокчиси, Избоскан туманидаги “Янги замон” фермер хўжалиги раҳбари Муҳаммадсоли Тўрабоев. – Қолаверса, ўзаро мулоқотларда вилоятимиздаги, қўшни Фарғона, Наманган вилоятлари фермерларининг илғор тажрибаларини ўргандим. Умуман, ушбу семинар, менимча, барча иштирокчилар учун жуда фойдали бўлди. Шахсан ўзим ўрганганларимни амалиётга татбиқ этиб, юқори ҳосил олиш учун астойдил ҳаракат қиламан.
Тадбирда Фарғона ва Наманган вилоятларидан ташриф буюрган қишлоқ хўжалиги мутахассислари, фермерлари учун ҳам алоҳида маъруза ва мулоқотлар ташкил этилди.
Фахриддин Убайдуллаев,
Зуҳриддин Умрзоқов (фото), ЎзА мухбирлари