
Энди пахта хомашёсининг бошланғич нархи Нью-Йорк биржасидаги фьючерс котировкаларидан келиб чиқиб белгиланади
Имтиёзли кредит олмай, ўзи пахта етиштирган фермерларга биржада сотган пахтасининг 10 фоизи миқдорида субсидия берилади
Имтиёзли кредитни йил якунигача тўлиқ қайтарган фермерларга кредитнинг 4 фоизи қайтариб берилади
Президент фармонига батафсил шарҳ
Ўзбекистонда пахтачилик қишлоқ хўжалигининг энг муҳим ва йирик тармоқларидан бири ҳисобланади. Шу боис ҳам пахта етиштириш жараёнида самарадорликни ошириш доим долзарб.
16 январь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида пахта етиштириш ва қайта ишлашда қўшимча бозор механизмларини жорий қилиш белгиланган эди.
– Шу йилдан бошлаб кластерлар пахтага талаби ва нарх таклифини биржага қўяди, фермерлар эса ўзига маъқулини танлаб, фьючерс шартномасини тузади. Имтиёзли кредит олмай, ўзи пахта етиштирган фермерларга биржада сотган пахтасининг 10 фоизи миқдорида субсидия берилади. Имтиёзли кредитни йил якунигача тўлиқ қайтарган фермерларга кредитнинг 4 фоизи қайтариб берилади. Уларга кредит фоизи амалда 10 фоиздан 6 фоизга тушади, – деган эди давлатимиз раҳбари видеоселектор йиғилишида.
Орадан бир кун ўтиб, “Пахта хомашёсини етиштириш ва сотишда бозор механизмларини қўллашни изчил давом эттириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармони қабул қилинди.
Ҳужжат пахта хомашёсини етиштириш ва сотиш тизимини молиялаштиришни бозор механизмларига мослаштириш, пахта таннархини мақбуллаштириш, пахта хомашёсини биржа савдолари орқали сотишни янги босқичга олиб чиқиш, шунингдек, хўжаликларнинг ва қайта ишловчиларнинг моддий манфаатдорлигини оширишни мақсад қилади.
Пахта хомашёсининг бошланғич нархи Нью-Йорк биржасидаги фьючерс котировкаларидан келиб чиқиб белгиланади
Фармонга кўра, 2025 йил пахта ҳосилидан бошлаб Ўзбекистон Республика товар-хомашё биржаси календарь йилининг 1 ноябрь кунида (2025 йил ҳосили учун 1 февралда) пахта толасининг Нью-Йорк биржасидаги фьючерс котировкаларининг охирги 6 ойдаги ўртача котировкасидан келиб чиққан ҳолда келгуси йил ҳосили учун пахта хомашёсининг бошланғич нархини (биринчи нав, иккинчи синф) аниқлаб, Биржанинг расмий веб-сайтида эълон қилади.
Мулкчилик шаклидан қатъи назар барча пахта хомашёси етиштирувчи хўжаликлар ва кластерлар ҳамда пахта хомашёсини қайта ишлаш ва ип-калава ишлаб чиқариш занжирига эга тўқимачилик корхоналари ўртасида пахта хомашёси етказиб бериш бўйича олди-сотди (фьючерс, форвард ва спот) шартномалари Биржанинг пахта хомашёси секциясида ҳар бир ҳудуд (Қорақалпоғистон Республикаси ёки тегишли вилоят) бўйича алоҳида ўтказиладиган савдоларда тузилади.
Хўжаликлар ҳамда қайта ишловчилар ўртасида тузиладиган шартномалар томонларнинг эркин танлови асосида ўтказиладиган биржа савдолари орқали хўжаликлар томонидан етказиб бериш муддатларини ҳамда бир ёки бир нечта харидорни мустақил равишда танлаш орқали расмийлаштирилади.
Биржада барча шартномалар "Агроплатформа" ахборот тизими билан интеграция қилинган маълумотлар базасида мавжуд бўлган хўжаликлар ва қайта ишловчилар ўртасида тузилади.
Фьючерс, форвард ва спот – бу олди-сотди шартнома номлари
Масалан, фьючерс – бу фонд биржаларида хом ашё товарлари, криптовалюта, қимматли қоғозларни ҳозирги амалда бўлган нархларда келажакда сотиш ёки сотиб олиш шартномаси. Шартнома тузилгандан сўнг, томонлар фьючерс муддати тугаган санадаги бозор нархидан қатъи назар, унинг шартларини бажаришлари шарт.
Форвард шартномаси бироз бошқачароқ, яъни бу муддатли шартнома бўлиб, унга кўра сотилаётган товар учун нарх шартнома тузилган кунда белгиланади, товарни етказиб берилиши эса белгиланган муддатда келажакда амалга оширилади.
Spot шартномаси эса биржа товарларининг уларни кечиктирмасдан (бир ой ичида) етказиб бериш шарти билан тузиладиган олди-сотди битими ҳисобланади.
Яна фармонга қайтамиз…
Фармонга кўра, 2025 йил пахта ҳосилидан бошлаб фьючерс шартномалари календарь йилнинг 1 ноябридан кейинги йилнинг 1 июнигача хўжаликлар ва қайта ишловчилар ўртасида биржада эркин шаклланадиган, бироқ эълон қилинган бошланғич нархдан паст бўлмаган нархда тузилади. Бунда фьючерс шартномаси Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси ресурслари ҳисобидан имтиёзли кредит ажратишга асос бўлади ва имтиёзли кредит эълон қилинган бошланғич нархдан келиб чиқиб ажратилади.
Форвард шартномалари эса календарь йилнинг 1 ноябридан кейинги йилнинг 1 мартигача хўжаликлар ва қайта ишловчилар ўртасида ўзаро келишилган нархларда тузилади. Бунда пахта хомашёсини етиштириш харажатлари хўжаликлар ва қайта ишловчиларнинг ўз маблағлари ёки тижорат кредитлари ҳисобидан амалга оширилади.
Spot шартномалари реал вақт режимида омборда сақланаётган пахта хомашёси ҳажмига хўжаликлар ва қайта ишловчилар ўртасида ўзаро келишилган нархда тузилади. Бунда хўжаликларга Жамғарма ресурслари ҳисобидан имтиёзли кредитлар ажратишда банкка кредит қийматининг 50 фоизи миқдорида ликвидли мол-мулк тақдим этилади. Spot шартномалари расмийлаштиришни режалаштирган хўжаликлар ҳар ҳосил йилининг 1 мартигача (2025 йил ҳосили учун 1 майгача) мавжуд пахта хомашёсини сақлаш омборлари (маскан) белгиланган талабларга жавоб бериши юзасидан Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси ва бошқа тегишли идоралар томонидан берилган хулосани ёки худди шундай хулосаси мавжуд омборларда вақтинча сақлаш бўйича тузилган ижара шартномасини "Агроплатформа" ахборот тизимига киритиши шарт.
Сақлаш омборлари ёки ижара шартномалари мавжуд бўлмаган хўжаликлар ўзи етиштирадиган пахта хомашёси бўйича ҳар ҳосил йилининг 1 мартигача форвард ёки 1 июнигача фьючерс шартномалари расмийлаштиради.
Пахта хомашёсини ўз маблағлари ҳисобидан етиштирганларга белгиланган миқдорда субсидия ажратилади
Фармонга асосан, 2025 йил ҳосилидан бошлаб пахта хомашёсини ўз маблағлари ва тижорат кредитлари ҳисобидан етиштириб, Биржада сотган хўжаликларга шаклланган ҳисобварақ-фактура қийматининг 10 фоизи миқдорида субсидия ажратилади.
Пахта хомашёсини етиштириш учун олинган имтиёзли кредитларни ҳосил йилининг якунига (тегишли йилнинг 31 декабрига) қадар қайтарган хўжаликларга ушбу кредитлар бўйича тўланган фоиз тўловларининг 4 фоизлик пунктини субсидия сифатида қайтариб бериш тартиби жорий этилади.
Мулкчилик шаклидан қатъи назар барча тадбиркорлик субъектларига, шу жумладан, фермерлар ҳамда кооперативларга пахта хомашёсини сақлаш ва бирламчи (тегирмон усулида) қайта ишлаш хизматларини ташкил этиш учун зарур бўлган асбоб-ускуналарни сотиб олишга Жамғарма ресурслари ҳисобидан тижорат банклари томонидан Марказий банкнинг асосий ставкасида (шундан 2 фоиз банк маржаси) уч йил муддатга 6 ойлик имтиёзли давр билан кредитлар ажратилади. Бунда тадбиркорлик субъектлари фақат пахта хомашёсини қайта ишлаб бериш билан шуғулланади ва пахта хомашёсини сотиб олиш ҳуқуқига эга бўлмайди.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳар йили 1 сентябрга қадар Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси билан биргаликда пахта хомашёсини қабул қилиш, сақлаш ва қайта ишлаш бўйича хизмат тарифларининг чекланган миқдорини тасдиқлайди.
"Тупроқ-паспорти" ишлаб чиқилади
Ҳужжатга кўра, 2026 йил якунига қадар дастлабки босқичда суғориладиган қишлоқ хўжалиги ерларидан фойдаланувчи субъектлар ерлари тупроқларининг таҳлил маълумотлари, тупроқ ҳолати, хосса-хусусиятлари, унумдорлиги, гумус ва озуқа миқдорлари, шўрланиши, эрозияси тўғрисидаги батафсил маълумотларни акс эттирган тегишли хариталар ҳамда ҳар бир контур ва экин турига қараб илмий асосланган тавсияларни ўз ичига олувчи "тупроқ-паспорти" ишлаб чиқилади.
2027 йил ҳосилидан бошлаб, экинларни жойлаштириш, агротехник тадбирларни ўтказиш ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини молиялаштириш жараёнлари "тупроқ паспорти"га мувофиқ илмий асосда амалга оширилиши таъминланади.
Энди электрон ҳисобварақ-фактура билан биргаликда товар-транспорт юк хатини ҳам расмийлаштириш талаб этилади
2025 йил 1 апрелдан бошлаб пахта хомашёси ва ундан тайёрланган барча турдаги маҳсулотлар бўйича электрон ҳисобварақ-фактура расмийлаштирилганда бир вақтнинг ўзида товар-транспорт юк хатини ҳам расмийлаштириш талаб этилади.
Бунда ушбу маҳсулотлар турлари рўйхати Маҳсулотлар (товар ва хизматлар) ягона электрон миллий каталоги кодлари бўйича Солиқ қўмитаси томонидан тасдиқланади.
Мазкур санадан сўнг электрон ҳисобварақ-фактура ва товар-транспорт Юк хати расмийлаштирилмаган ва омборларда сақланаётган товар-моддий захиралар қолдиқлари солиқ органлари томонидан саноқдан (инвентаризациядан) ўтказилмайди ва солиқ солиш мақсадларида солиқ тўловчининг омборида мавжуд эмас деб ҳисобланади ҳамда солиқ базасини яшириш (камайтириб кўрсатиш) деб баҳоланади.
Умиджон Қурбонов,
ЎзА