“PAVLONIYA FEST – 2026”: сайёҳлар оқими ортмоқда
Андижон шаҳрида 5 апрелга қадар “Павлония гуллари остида оқшомлар” фестиваль-сайллари ўтказилмоқда. Фестивалнинг асосий мақсади, шаҳарнинг гўзал ва ўзига хос манзарасини, ободлигини тарғиб қилиш, сайёҳларни жалб этиш, андижонликлар ва шаҳар меҳмонларига хуш ва кўтаринки кайфият улашиш, уларнинг қалбида она табиатга муҳаббат, тинч ва хотиржам ҳаётимизга шукроналик туйғуларини янада мустаҳкамлашга қаратилган.
Кўтаринки руҳда бўлиб ўтаётган “Pavloniya Fest – 2026” фестивали доирасида маданий-маърифий тадбирлар, концерт дастурлари, миллий ҳунармандчилик ва гастрономик кўргазмалар, сайиллар ташкил этилмоқда.
Хусусан, фестивалнинг биринчи кунида Андижон шаҳрининг Олтинкўл кўчаси бўйлаб оммавий юриш тадбири, халқ орасида “Регистон” деб аталадиган – “Жоме” меъморий мажмуасида ҳунармандчилик маҳсулотлари ярмаркаси ташкил этилди ва концерт дастури намойиш этилди. Фестиваль тадбирлари андижонликлар, шаҳар меҳмонларига юқори кўтаринкилик улашди.
[gallery-28508]
– Мен фестиваль тадбирларида бир гуруҳ ҳамкасбларим билан қатнашяпман, – дейди олтинкўллик педагог Умидахон Мамажонова. – Тадбирларнинг оммавий, халқ сайли тарзида ўтаётганлиги, одамлар, айниқса, ёшларга юқори кайфият, бир олам қувонч улашаётганлигини оддий сўзлар билан таърифлаш қийин. Юртимиз ҳамиша тинч, тўй, байрам ва тантаналаримиз бардавом бўлсин.
Фестивалнинг иккинчи куни кенг жамоатчилик вакиллари, ёшлар иштирокида Андижон шаҳрининг Юсуф Отабеков кўчаси бўйлаб оммавий юриш тадбири ўтказилди ва универсал спорт мажмуасида концерт дастури намойиш этилди.
Умуман, фестиваль тадбирлари юртдошларимизга кўтаринки кайфият улашиш, кўнгилли ҳордиқ чиқариш билан бирга, сайёҳлар оқимини янада кўпайишга хизмат қилмоқда.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат),
ЎзА мухбирлари.