Бугун Тошкентдаги “Ўзэкспомарказ” миллий кўргазмалар мажмуасида “Иситиш, вентиляция, ҳавони совитиш ва иситиш, сув таъминоти, сантехника, бассейнлар, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш технологиялари, муқобил энергия манбалари - “Aquatherm Tashkent 2025" 13-халқаро кўргазмасининг иккинчи кунги тадбирлари бўлиб ўтди.
Унда маҳаллий ва хорижий корхоналар қаторида мамлакатимиздаги “Welkin” компанияси ҳам ўз имкониятларини тақдим этяпти.
Фурсатдан фойдаланиб, компания менежери Павел Воронцов кўргазма жараёнлари ва ундан кутилаётган натижалар ҳақида ўз фикрини билдирди:
–Бу галги кўргазма ҳар йилгидагига қараганда жуда гавжум. Иштирокчилар сони ошган ва замонавий технологиялар намойиши эса барчанинг эътиборини тортмоқда.
Шу ўринда айтиш керакки, Ўзбекистонда ўтказилаётган халқаро кўргазмалар мамлакатимиздаги йирик компаниялар учун ўз маҳсулот ва хизматларини намойиш этиш, янги ҳамкорлар топиш ҳамда бозордаги мавқеини мустаҳкамлаш учун муҳим майдонга айланмоқда.
Компаниямиз ҳақида тўталадиган бўлсам, “Welkin” маҳаллий компания ҳисобланади. Биз Хитойнинг нуфузли бренди “MIDEA”нинг Ўзбекистондаги расмий дистрибьютори ва ваколатли ҳамкоримиз.

Компаниямиз кондиционер тизимлари, ҳаво вентиляцияси, саноат, маиший, тижорат ва ярим тижорат соҳалари учун мўлжалланган замонавий ускуналарни тақдим этади. Шунингдек, маиший техникалар туркумида ҳаво тозалагичлар, электр чойнаклар, стабилизаторлар ва бошқа турдаги жиҳозлар ҳам мавжуд.
Энг асосий мақсад брендимизни янада кенг танитиш ва намойиш этишдир. Биз “MIDEA” брендини Ўзбекистон бозорида 2008 йилдан буён фаол ривожлантириб келаяпмиз. Шу сабабли кўргазмадан асосан бренднинг оммалашуви ва бозордаги мавқеини мустаҳкамлашни кутаяпмиз. Шу билан бирга, турли тарғибот акцияларини ўтказамиз, вилоятларда фаолият юритамиз ва МДҲ мамлакатлари билан ҳам яқин ҳамкорлик қиламиз.
Компаниямиз мамлакатимизда ташкил этиладиган соҳага доир барча кўргазмаларда иштирок этиб келади. Қайси ҳудудда фаолиятимиз йўналиши мавжуд бўлса, биз албатта ўша ерда қатнашамиз.
Биз маҳаллий бозорда ишончли ҳамкорлик муҳитини яратиш, янги технологияларни жорий этиш ва миллий бренд сифатида халқаро даражада ўз ўрнимизни мустаҳкамлашни мақсад қилганмиз. Шу маънода, компания келгусида ҳам ўз мақсадларидан чекинмай, Ўзбекистонда инновацион ечимларни оммалаштириш ҳамда юқори сифатли маҳсулотлар орқали аҳоли турмуш сифатини яхшилаш йўлида фаолият юритишни кўзда тутади.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА