Патронаж ҳамшираларидан аҳоли мамнун
Ана шу муддат ичида уларнинг бирортасида касаллик аломатлари аниқланмади.
Андижон туманидаги “Куйганёр” қишлоқ врачлик пункти шифокорлари томонидан аҳоли саломатлигини сақлаш, коронавирус хасталиги юқиши ва тарқалишининг олдини олишга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
“Куйганёр” қишлоқ врачлик пункти шифокорлари тумандаги Бахт, Саноат, Ойжамол ва Дарёбўйи маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудидаги 4 минг 355 та оилада яшовчи 15 минг нафарга яқин аҳолига тиббий хизмат кўрсатади.


– Бугунги карантин шароитида биз шифокорлар зиммасидаги масъулият бир неча баробар ортди, – дейди “Куйганёр” қишлоқ врачлик пункти мудири Исломбек Очилов. – Аҳоли саломатлигини сақлаш, ўз хонадонида карантинга олинган фуқаролар ҳолатини доимий назорат қилиш, касаллик юқишининг олдини олиш бўйича тарғибот ишларини олиб боришда шифокор ва ҳамшираларимиз фидойилик кўрсатиб меҳнат қилмоқда.
Муассаса хизмат кўрсатадиган ҳудуддаги маҳаллаларда хорижий давлатларда бўлиб қайтган ҳамда даволаш профилактика муассасаларида даволаниш жараёнида касалланганлар билан мулоқотда бўлганлиги учун касалликда гумон қилинган шахслар ва уларнинг оила аъзолари, жами 84 нафар шахс 14 кунлик тиббий кузатувга олинган эди. Пункт шифокорлари уларнинг саломатлигидан ҳар куни хабар олиб турди, зарур профилактик тадбирлар ўтказди. Ана шу муддат ичида уларнинг бирортасида касаллик аломатлари аниқланмади.


Касалликни даволагандан кўра унинг олдини олган яхши. Ана шу қоидага амал қилган шифокорлар КВПга ташриф буюраётганлар шахслар билан чекланиб қолмай, хонадонма хонадон юриб, соғлом турмуш тарзи, шахсий гигена қоидаларига, шунингдек, карантин ва коронавирус инфекцияси юқиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича белгиланган тартибларга амал қилиш юзасидан тарғибот ишларини олиб бормоқда. Бу борада Наргиза Мирзаева, Матлуба Исмоилова ва Дилфуза Қосимхўжаева сингари патронаж ҳамширалари фаолиятидан аҳоли мамнун бўлмоқда.
– Шундай оғир, таҳликали кунларда ўз ҳаловатидан кечиб, халқ хизматида бўлаётган шифокорларга мингдан-минг раҳмат, – дейди Саноат маҳалласида яшовчи меҳнат фахрийси Одинахон Отабоева. – Биз шифокорларнинг тавсияларига, карантин қоидаларига қатъий амал қилиб, касаллик тарқалишига асло йўл қўймаймиз. Қатъий тартиб, ҳамжиҳатлик билан бу оғир кунларни албатта, ортда қолдирамиз.
Қишлоқ врачлик пунктининг фидойи шифокорлари зиммаларидаги шарафли ва масъулиятли вазифани карантин шароитида янада самарали адо этиш учун ситқидилдан меҳнат қилаётганликлари ҳар қанча таҳсинга сазовордир.