Патентлар учун давлат божини олдиндан тўлаш имконияти яратилмоқда
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида интеллектуал мулкни ҳуқуқий муҳофаза ва ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда муҳокама қилинди.
— Мазкур қонун лойиҳаси интеллектуал мулк соҳасида ҳуқуқий муҳофаза ва ҳимоя механизмларини янада такомиллаштириш, тадбиркорлик субъектлари ва инвесторлар учун қулай ҳуқуқий муҳит яратиш, маъмурий тартиб-таомилларни соддалаштиришга қаратилган, — Б.Тўхтамуродов. — Қонун лойиҳаси билан хизмат вазифаларини бажариш жараёнида ходим томонидан яратилган асарлар ёки дастурий маҳсулотга бўлган мулкий ҳуқуқларни тартибга солишда томонларнинг шартномавий эркинлиги таъминланмоқда. Хусусан, хизмат асарларига оид мулкий ҳуқуқларнинг ўн йилдан кейин автоматик равишда муаллифга ўтиши ҳақидаги норма бекор қилиниб, мазкур муносабатларни шартнома асосида белгилаш назарда тутилмоқда.
Шунингдек, ҳужжатда интеллектуал мулк объектлари бўйича давлат экспертизаси қарорларидан норози бўлган шахсларга Апелляция кенгашига мурожаат қилиш билан бир қаторда бевосита судга мурожаат қилиш ҳуқуқи берилмоқда. Бу фуқаролар ва тадбиркорларнинг суд орқали ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш имкониятини кенгайтиришга хизмат қилади.
Бундан ташқари, ихтиро, фойдали модель, саноат намунаси ва селекция ютуқларига оид патентларнинг амал қилишини сақлаб қолиш учун давлат божини олдиндан тўлаш имконияти ҳам яратилмоқда. Бу ҳуқуқ эгалари учун қўшимча қулайликлар яратиш ҳамда интеллектуал мулк объектларидан самарали фойдаланишни таъминлашга имкон беради, — деди депутат.
Муҳокамаларда таъкидланганидек, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши интеллектуал мулк объектларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш ва ҳимоя қилиш механизмларини янада такомиллаштириш, маҳаллий ҳамда хорижий инвесторлар учун ишончли ҳуқуқий муҳит яратиш, инновацион фаолиятни рағбатлантириш ҳамда мамлакатимизнинг инвестициявий жозибадорлигини янада оширишга хизмат қилади.
Муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда қабул қилинди ва Сенатга юборилди.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА