Парвози баланд «Бухоро ёшлари»
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Бухоро вилояти кенгаши муассислигидаги “Buxoro yoshlari” газетаси 2001 йилдан буён чоп этиб келинмоқда.
27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Бухоро вилояти кенгаши муассислигидаги “Buxoro yoshlari” газетаси 2001 йилдан буён чоп этиб келинмоқда. Йиллар давомида сафи ва салоҳиятини мустаҳкамлаб келмоқда.
Замон билан ҳамнафас газета 2013 йилда вилоятда биринчилардан бўлиб, ўзининг – buxoro-yoshlari.uz сайтига эга бўлди.
2017 йилдан бошлаб эса ёшлар ва кўп сонли мухлисларига янада яқинроқ бўлиш мақсадида @by_gazetasi телеграмм канали ташкил этилди. Бир неча йилки мазкур ижтимоий тармоқ орқали минглаб ёшлар билан онлайн усулда турли лойиҳалар, танлов ва қизғин баҳслар ўтказиб келинмоқда.
Жорий йилнинг 16 мартида мамлакатимизда карантин эълон қилингач, айниқса, журналистларни ўйлантириб қўйди. «Агар мен ҳам уйда қолсам, жамият ташвишига қандай елка тутаман, томошабин бўлиб қололмайман!» – деган фикр ёшлардан иборат жамоамизнинг ички кечинмасига айланди.

Карантиннинг илк кунларида @by_gazetasi телеграмм канали орқали ёшларни зериктирмаслик учун турли топ-шоулар, кейинчалик «Менда жавоб бор!» лойиҳаси доирасида китобхон ёшлар билан савол-жавоб ўйинлари ўтказилди. 1000 дан ортиқ ёшлар қамраб олинди.
Шунингдек, #Uyda_qolib лойиҳасида ёшларнинг болажонлар ва талаба ёшларнинг уйдаги машғулотлари кенг ёритиб борилди.
Таҳририят жамоаси Бухоро давлат университети, Бухоро давлат Тиббиёт институти мутасаддилари билан ҳамкорликда таълим муассасаларида таҳсил оладиган, бироқ карантин даврида ўз юртига кетолмай қолган хорижлик ёшлар ҳолидан хабар олди. Улар билан интервьюлар уюштирилиб, видео ва лавҳалар ижтимоий тармоқларда, сайтларда узлуксиз ёритилди.
Айни пайтда Матбуот ва ОАВ ходимлари кунига бағишлаб ижодкор ёшлар ва ёш журналистларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 12 ёшдан 19 ёшгача бўлган ижодкорлар учун «Яшил япроқлар» лойиҳаси доирасида йирик онлайн танлов эълон қилинган. Мазкур онлайн танловда 500 дан ортиқ ёшлардан келган ижодий ишлар ғолиблари 18 нафар Бухоро вилояти ва Республикамизнинг етук журналистларидан сараланган ҳакамлар ҳайъати томонидан аниқланади. Ёшларнинг ижодий ишлари «Яшил япроқлар» танлови ҳакамларидан иборат тузилган гуруҳда кўриб чиқилмоқда. 6 та йўналиш бўйича 18 нафар ғолиб аниқланади.

Таҳририят қошида ташкил этилган “Parvoz” ёш журналистлар маҳорат клубининг бир нечта фаол аъзолари, газетанинг жамоатчи мухбирларига касб маҳоратини ўзлаштиришларига имконият яратиш мақсадида вилоятдаги мухбири сифатида карантин даврида ҳам турли объектларда: давлат солиқ инспекцияси, ИИБ вакиллари билан бозор ва ярмаркаларда бўлиб, озиқ-овқат маҳсулотларининг сунъий оширилгани, ўзидан тадбиркор ясаб олган соҳа «ишбилармон»лар хусусида журналистик суриштирувлар ўтказилишида ва уларнинг ижодий ишларини кенг ўқувчилар оммаси эътиборига ҳавола қилишда бош-қош.
@by_gazetasi телеграмм канали орқали тўсиққа учраётган ёш тадбиркорлар, аҳолининг турли муаммо ва ташвишларини ўрганиш ва уларни бартараф этишга қаратилган танқидий-таҳлилий мақолалар, турли мавзудаги тезкор хабар ва видеолавҳалар телеграмм канали ўқувчилари сонининг тобора ошиб боришини таъминлади. Айни пайтда 16 мингдан зиёд ўқувчилари бор. Уларнинг талаби билан @by_gazetasi телеграмм каналининг @by_gazetasi_chat и ташкил этилди. Мазкур чат орқали ижтимоий канал ўқувчилари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олмоқда.
@by_gazetasi телеграмм каналида бугун бутун дунёни ташвишга солаётган коронавирус пандемияси янгиликлари, шунингдек, 1000 дан ортиқ хабар ва даъватлари билан одамларни ҳушёрликка чорлаб, сергак бўлишга, ўзи ва яқинлари саломатлигини ўйлашга, у орқали жамиятга катта фойда келтириши борасидаги гўзал сўз ва ташбеҳлари билан эзгулик даъватига чорламоқда. Зеро, сўз - яратишга ҳам, вайрон қилишга ҳам қодир бўлган кучдир. Худди шу жиҳат @by_gazetasi телеграмм каналининг кенг жамоатчилик ўртасида қувватланиб боришига туртки бўлмоқда.

Шу ўринда, бугун қатор нашрлар карантин туфайли бир муддат фаолиятини тўхтатган бўлсада "Buxoro yoshlari” газетасининг электрон, ҳам босма шакли ўз вақтида газетхонларга етказилмоқда.
Лайло ҲАЙИТОВА,
“Buxoro yoshlari” газетаси бош муҳаррири