Партиянинг келгуси режалари белгилаб олинди
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Жиззах вилоят кенгашининг навбатдаги II пленуми бўлиб ўтди. Унда партиянинг вилоят кенгаши фаоллари, маҳаллий Кенгаш депутатлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Пленумда партиянинг 2024 йилдаги фаолияти юзасидан ҳисоботи, “Ўзбекистон – 2030” стратегияси бўйича, “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили” давлат дастури ҳамда 2025 йилдаги устувор вазифалар ва партия фаолиятига доир бошқа масалалар муҳокама қилинди.
Ўзбекистон “Адолат” СДП Жиззах вилояти кенгаши 2024 йилда сайловолди дастурида ўз олдига қўйган вазифалар ижросига қаратилган лойиҳаларни амалга оширишда, партия электорати ва аҳолининг кенг қатлами билан юзма-юз мулоқотлар ташкил қилишда, фуқароларни қийнаётган, жамият ривожига тўсиқ бўлаётган муаммоларни бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқишда, барча даражадаги депутатлик корпусларининг ҳамкорлигини тизимли равишда йўлга қўйишда бир қатор ишлар ҳаётга татбиқ этилаётгани таъкидланди.
Шунингдек, партия аъзолари сафини кенгайтириш, бошланғич партия ташкилотлари фаолиятини кучайтириш, кадрлар захирасини мустаҳкамлаш, аъзолик бадаллари тушумини тизимли йўлга қўйиш, сайлов жараёнларида муносиб иштирок этиш, партия ходимлари ва фаолларининг сиёсий билимларини оширишга алоҳида эътибор қаратилди.
– Ҳисобот даврида вилоятда бошланғич партия ташкилотларининг сони 998 тани ташкил қилиб, уларнинг сони ўтган йил давомида 271 тага кўпайди, – дейди партиянинг вилоят кенгаши раиси Ориф Шукуров. – Партия аъзоларимиз сони эса 112 минг 899 нафарга етиб, 54 минг 368 нафар ўсди.
Партия сайловолди дастуридан келиб чиқиб, ишлаб чиқилган 20 дан ортиқ лойиҳа доирасида “Адолат” СДПнинг вилоят, шаҳар ва туман кенгашлари томонидан жами 704 та тадбир ўтказилиб, уларда 23 минг 400 нафар иштирокчи қамраб олинди.
Ўзбекистон “Адолат” СДП Халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги депутатлик гуруҳининг 2024 йилдаги фаолияти юзасидан ҳисоботи ва 2025 йилдаги вазифалари тўғрисида Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати, “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи раҳбари Баҳодир Назаров маъруза қилди.
Ўтган 2024 йил давомида партиянинг вилоят, шаҳар ва туман Кенгаши депутатлари томонидан тегишли ҳудудда жойлашган давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари мансабдор шахсларига уларнинг ваколатига кирувчи масалалар бўйича асосланган тушунтириш бериш ёки ўз позициясини баён қилиш талаби билан жами 300 дан ортиқ депутатлик сўрови юборилган. Улардан 76 таси қонун ва ҳукумат қарорларининг жойлардаги ижроси, депутатлик назорати бўйича, 224 таси фуқаролар мурожаатлари асосида ҳал этилган шикоятлар бўйича киритилган депутатлик сўровлари экани таъкидлаб ўтилди.
Шунингдек, Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларидаги депутатлик гуруҳлари томонидан ҳисобот даврида сессияларга 24 та, доимий комиссияларга 67 та масала киритилиб, ушбу масалалар юзасидан шаҳар ва туман Кенгашларидаги депутатлик гуруҳлари томонидан 28 та мансабдор шахс ҳисоботи эшитилди.
[gallery-22092]
Аммо ҳисобот даврида партиянинг баъзи туман Кенгашларидаги депутатлик гуруҳлари сессиялар ва доимий комиссияларга бирорта ҳам масала ёки таклиф кирита олмагани ҳисобот йиғилишида кескин танқид қилинди.
Пленум кун тартибидаги шу ва бошқа масалалар бўйича партия вилоят кенгашининг тегишли қарорлари қабул қилиниб, партия олдида турган устувор режаларни амалга ошириш юзасидан чора-тадбирлар белгилаб олинди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат),
ЎзА мухбирлари