Партиянинг энг фаол депутати аниқланди
Андижонда “Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг энг фаол депутати” республика танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси Андижон вилояти кенгаши томонидан партия аъзоси бўлган депутатларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, илғор иш тажрибаларини оммалаштириш, ташаббускор ва фаол депутатлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш ҳамда рағбатлантириш мақсадида ўтказилган танловда унинг туман, шаҳар босқичларида ғолиб бўлган 16 нафар депутат иштирок этди.
Тадбирда мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги жараёнларда сиёсий партиялар фаол иштирок этаётганлиги, 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили” да амалга оширишга оид Давлат дастурида ҳамда партиянинг сайловолди дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлашда маҳаллий кенгашлардаги депутатлик гуруҳлари иш самарадорлигини ошириш, депутатлар томонидан жойлардаги муаммоларни бартараф этиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди.
Айни кунда Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар кенгашларида ЎзХДП аъзоси бўлган 122 нафар депутат фаолият юритмоқда, – дейди Андижон вилояти Кенгаши раиси вазифасини бажарувчи Баҳромжон Қурбонов. – Албатта, уларнинг аксарияти зиммаларига юклатилган вазифаларни самарали бажариб келмоқда. Айниқса, кейинги йилларда фаол иш олиб бораётган депутатлар сафи янада кенгайди. Танловда ана шу фаол депутатларнинг энг фаоллари аниқланди.
Иштирокчилар аҳоли муаммоларини ҳал этишнинг энг самарали йўли, сиёсий ҳозиржавоблик, эркин мавзу доирасидаги шартлар асосида ғолиблик учун ўзаро баҳслашди. Якуний натижаларга кўра, Халқ депутатлари Андижон тумани кенгаши депутати Сардорбек Қосимов танловнинг республика босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.
– Танловда ғолиб бўлиш менга катта масъулият юклайди, – дейди депутат С.Қосимов. – Қолаверса, янада фаол бўлишга, шижоат билан меҳнат қилишга ундайди. Энди танловнинг республика босқичида ҳам муносиб иштирок этишга, ғолиблар қаторидан жой олишга ҳаракат қиламан.
Шунингдек, танловда “Энг шижоатли ёш депутат”, “Ташаббускор депутат”, “Йилнинг энг яхши депутат аёли” каби бир қатор номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланди. Ғолиб ва совриндорлар ташкилотчиларнинг диплом, фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Ф.Убайдуллаев, З. Умрзоқов (фото), ЎзА