Партия ходимларининг билим ва кўникмалари оширилмоқда
Сайлов – 2024
Шу йил 27 октябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий Кенгашларга сайловлар ўтказилади. Мазкур сайловларга сиёсий партиялар томонидан қизғин тайёргарлик ишлари амалга оширилмоқда. Хусусан, “Миллий тикланиш” демократик партияси ҳудудий Кенгашларида бўлажак муҳим сиёсий тадбирга тайёргарлик кўриш бўйича ўқувлар ташкил қилинмоқда.
Мазкур ўқувларда сайлов жараёни ва унга тайёргарлик кўриш, бу борада партия ходимларининг зарур билим ва кўникмаларини ошириш масалалари кун тартибидан ўрин олган. Ўқув иштирокчиларига сайлов қонунчилигидаги сўнгги ўзгаришлар ва аралаш сайлов тизими, имзо йиғиш жараёнида эътибор берилиши керак бўлган вазифалар юзасидан маълумотлар берилмоқда. Шу билан бирга, партиянинг 2020-2024 йилларга мўлжалланган Сайловолди дастури ижроси сарҳисоб қилиниб, галдаги вазифалар муҳокама қилиняпти.

– Партиямиз муҳим сиёсий жараён олдида турган экан, аввало, партия ташкилотлари сафидаги барча ходимларимизнинг сиёсий билим ва тажрибаларини ошириш ҳал қилувчи аҳамиятга эга, – дейди партия Марказий кенгаши раиси ўринбосари Феруза Муҳаммаджонова. — Шу маънода ушбу сиёсий ўқувлар партиямиз вакилларининг билим ва кўникмаларини ошириш баробарида уларнинг бугун ўрганганларини эртага сайловчиларга етказишида, бўлажак сиёсий тадбирнинг халқаро талаблар асосида ўтишида, энг асосийси, партиямизнинг бош мақсадига эришишида муҳим ўрин тутади. Сайловда энг юқори натижага эришишда фаолларимиз ташаббускорлигини оширишимиз, партиямиз ғоя ва мақсадларини янада кенгроқ тарғиб қилишимиз лозим.

Барча ҳудуддаги партия ташкилотлари ходимларининг билим ва кўникмаларини оширишга қаратилган бундай ўқувлар қизғин давом этмоқда.
М.Комилова,
ЎзА