Парранда - етти хазинанинг бири
Маълумотларга кўра, гўшт маҳсулотлари орасида етиштириш ва истеъмол миқдори бўйича парранда гўшти иккинчи ўринда туради. Истеъмол қилинаётган гўштнинг 34 фоизи парранда гўшти хиссасига тўғри келади. Шу боис парранда гўшти хавфсизлиги ва самарадорлигини таъминлаш жуда муҳим.
Пойтахтимиздаги “International Hotel Tashkent” меҳмонхонасида бўлиб ўтган “Ўзбекистон паррандачиларининг - V халқаро форуми” ҳам айни мақсадга қаратилган.
Тадбир 80 дан зиёд паррандачиликка алоқадор илғор хорижий компания ва идоралар вакиллари ҳамда мамлакатимизда фаолият юритаётган 200 дан ортиқ барча йўналишдаги паррандачилик хўжаликлари раҳбарлари ва мутахассисларини тажриба алмашиш учун бир майдонда бирлаштирди.

Маълумки, қишлоқ хўжалигида паррандачилик етакчи тармоқлардан бири саналади. Халқимиз бежиз паррандани етти хазинанинг бири, деб атамайди. Мутахассислар қайд этишича, бугунги кунда жаҳоннинг етакчи давлатларида бу соҳага катта эътибор қаратилмоқда, чунки айнан паррандачилик аҳолини озиқ-овқат билан таъминлашда асосий ўрин тутиб, қишлоқ одамлари бандлигини таъминлашга ҳисса қўшади.
Мамлакатимизда паррандачилик соҳасини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ички ва ташқи бозорга етказиб бериладиган рақобатбардош маҳсулот миқдорини ошириш, паррандачилик ҳўжаликларининг озуқага бўлган талабини барқарор таъминлаш механизмини йўлга қўйиш, соҳага кенг аҳоли қатламини жалб этишга алоҳида эътибор берилмоқда.

Анжуманда АҚШ, Хитой, Индонезия, Германия, Италия, Туркия, Беларусь, Россия, Украина, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва бошқа давлатлардан илғор компаниялар вакиллари ва мутахассислари қатнашди.
Дастурга мувофиқ, паррандачилик соҳасидаги энг долзарб масалалар бўйича 20 дан зиёд хорижий компаниянинг етук мутахассислари томонидан тақдимотлар ўтказилди.

- Парррандачилик тармоғини кенг ривожлантириш, бу йўналишда илғор хорижий тажрибани оммалаштиришда бундай тадбирлар яхши самара беради, дейди – “Паррандасаноат” уюшмаси раиси биринчи ўринбосари Улуғбек Аҳмедов. - Тадбирда соҳадаги янги инновацион ғоялар, замонавий технологиялар ҳам кенг намойиш этилди. Кўплаб халқаро ташкилотлар билан шартномалар, меморандумлар имзоланди. Ҳозир паррандачилик йўналишида, асосан, Европа давлатлари, айниқса, Венгрия билан изчил ҳамкорлик йўлга қўйилган. Бундан ташқари АҚШ, Англия, Италия, Туркия билан ҳам яхши алоқа ўрнатилган.
Уюшма томонидан мазкур халқаро форум доирасида хориждан келган компанияларни юртимиздаги паррандачилик корхоналари билан яқиндан таништириш, келгуси ҳамкорлик масаласини мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистон паррандачилари маълумотномаси тайёрланиб, чоп этилди.
Форум давомида ҳамкор ташкилотлар учун ўз брендини, хизмат турларини ва маҳсулотини тарғиб қилиш учун кичик кўргазма ҳам ташкил этилди.
Гўзал Сатторова,
ЎзА