Парламентлар экологик мониторинг ва илмий тадқиқотлар соҳасида ҳамкорликни кенгайтиради
Душанбе шаҳрида Евроосиё мамлакатлари парламентлари учун “Парламент ҳаракатлари орқали иқлим ўзгариши ва барқарор тараққиёт муаммоларини ҳал этиш” мавзусидаги халқаро семинар ўтказилди.
Унда Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раиси Анвар Тўйчиев Ўзбекистон делегацияси таркибида иштирок этди.
Ўзбекистон, Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбайжон, Беларусь, Россия ва Туркия парламентлари аъзолари, халқаро экспертлар, олимлар ҳамда экологик ташкилотларнинг вакиллари БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга ошириш доирасида парламентлараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш масаласига эътибор қаратди.

Иқлим ўзгариши билан боғлиқ глобал муаммолар юзасидан ўзаро тажриба алмашиш ва амалий мулоқотни ривожлантириш муҳокама қилинди.
Сенатор иқлим ўзгариши шароитида экологик барқарорликни таъминлаш, атроф - муҳит муҳофазаси ҳамда парламент назоратини кучайтириш масалалари юзасидан маъруза қилди.
Тадбир доирасида иқлим ўзгариши, сув хавфсизлиги, ҳаво ифлосланишининг олдини олиш, метан чиқиндиларини қисқартириш, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ва экологик барқарорликни таъминлаш каби долзарб масалалар кўриб чиқилди.
Тадбир якунида иқлим ўзгаришига оид миллий қонунчиликни такомиллаштириш, парламентлар ўртасида мунтазам мулоқот платформаларини шакллантириш, экологик мониторинг ва илмий тадқиқотлар соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек, Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш бўйича парламент назоратини кучайтириш бўйича таклиф ва тавсиялар билдирилди.
Н.Абдураимова,
ЎзА