Парламент ва партиялараро мулоқот давлатлар тараққиётига хизмат қилади
Самарқандда “Марказий Осиё – Хитой мамлакатлари ўртасидаги алоқаларнинг мустаҳкамланишида сиёсий партияларнинг ўрни” мавзусида конференция бўлиб ўтди.
Марказий Осиё – Хитой сиёсий партиялари мулоқоти доирасида илк бор Хитой Халқ Республикасидан ташқарида – Ўзбекистонда ўтказилган анжуманда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистоннинг етакчи сиёсий партиялари раҳбарлари ва вакиллари, Хитой Коммунистик партияси делегацияси, парламент аъзолари, дипломатлар ҳамда эксперт-таҳлилий доиралар вакиллари иштирок этди.
Конференцияда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Раҳим Ҳакимов, Хитой Халқ Республикаси Коммунистик партияси марказий қўмитаси халқаро бўлими бошлиғи Лю Хайсин, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси марказий кенгаши раиси Актам Ҳайитов ҳамда Қозоғистон, Қирғиз Республикаси, Тожикистон ва Туркманистон парламентлари ва сиёсий партиялари вакиллари сўнгги йилларда “Марказий Осиё – Хитой” формати стратегик ишонч ва кўп томонлама ҳамкорликнинг муҳим платформасига айланиб бораётганини таъкидладилар. Сиёсий партиялар етакчиларининг Самарқанд конференцияси эса партиялараро мулоқотни янги босқичга олиб чиқиш, давлатлараро келишувларни сиёсий партиялар ва парламентлар даражасида қўллаб-қувватлаш ҳамда уларни аниқ иқтисодий ва ижтимоий натижаларга йўналтиришга хизмат қилишини қайд этдилар.

– Ўзбекистон учун Хитой Халқ Республикаси билан муносабатлар стратегик аҳамиятга эга, – деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Раҳим Ҳакимов. – Президент Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий иродаси ва ХХР Раиси Си Цзинпиннинг саъй-ҳаракатлари туфайли икки давлат муносабатлари янги даврда ҳар томонлама стратегик шерикликнинг юксак даражасига кўтарилди. Стратегик шерикликнинг самараси, энг аввало, янги иш ўринлари яратиш, бизнес учун имкониятларни кенгайтириш, ҳудудларни ривожлантириш ва ёш авлод учун истиқболлар яратиш билан белгиланади. Бу эса мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг муҳим мақсади юқори даражадаги сиёсий келишувларни аҳоли ҳаётидаги аниқ иқтисодий ва ижтимоий натижаларга айлантиришдан иборатлигини яна бир бор намоён этади.

– Бугунги нуфузли халқаро конференцияни катта тайёргарлик билан ўтказаётгани учун Ўзбекистон томонига миннатдорлик билдираман – деди ХХР Коммунистик партияси марказий қўмитаси халқаро бўлим мудири Лю Хайсин. - Хитой ва Марказий Осиё ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари жадал ривожланиб бормоқда ва бунда, албатта, Ўзбекистоннинг жуда муҳим ташаббуслари, муносиб ҳиссаси бор. Шу нуқтаи назардан, Марказий Осиё – Хитой партиялараро мулоқоти биринчи марта Хитойдан ташқарида, яъни Ўзбекистонда, гўзал Самарқандда ўтказилиши бежиз эмас.

Конференцияда дунёда геосиёсий қарама-қаршиликлар, иқтисодий беқарорлик кучаяётган даврда минтақада ўзаро боғлиқликни кучайтириш барқарорликнинг муҳим омилига айланаётганлиги таъкидланди. Хитой ва Марказий Осиё ҳамкорлигининг сиёсий, иқтисодий, транспорт, технологик ва гуманитар йўналишларда ўзаро уйғун ривожланиши эса минтақада янги имкониятлар маконини шакллантиришга хизмат қилади.
Иштирокчиларнинг фикрича, замонавий шароитда партиялараро дипломатия мамлакатлар ўртасида ўзаро ишончни мустаҳкамлаш, жамиятлар ўртасидаги мулоқотни кенгайтириш ва илғор тажрибани ўрганишнинг муҳим воситаси ҳисобланади. Сиёсий партиялар турли ижтимоий қатламлар манфаатларини ифода этган ҳолда, ислоҳотларнинг ижтимоий аҳамиятини тушунтириш ва қўллаб-қувватлашда муҳим ўрин тутади.
Парламентлараро ҳамкорлик эса эришилган давлатлараро келишувларнинг барқарор ҳуқуқий асосини таъминлашга хизмат қилиши қайд этилди. Шу боис қонун ижодкорлиги, давлат ва маҳаллий бошқарув, кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш, камбағалликни қисқартириш, рақамлаштириш, коррупцияга қарши курашиш, ёшлар ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш соҳаларида қонунчилик тажрибасини мунтазам алмашиш муҳимлиги таъкидланди.

– Марказий Осиё минтақаси иқтисодий, инвестициявий, савдо, транспорт-логистика соҳаларини ривожлантиришдан умумий манфаатдор ва бугун бу йўналишда давлатларимиз ўртасидаги алоқалар янги босқичда тараққий этмоқда, – дейди Қозоғистон Республикаси Қурултойи депутати Айдос Сарим. – Бу борада Хитой минтақанинг энг яқин ҳамкори ҳисобланади. Партиялараро, парламентлараро мулоқот эса давлат раҳбарлари эришган келишувларни самарали амалга ошириш, қонунлар қабул қилишда ҳамкорликнинг турли йўналишларини ҳисобга олиш ва мувофиқлаштиришда муҳим аҳамиятга эга.
Конференцияда қайд этилганидек, бундай учрашувлар фақат фикр алмашиш майдони бўлиб қолмаслиги, балки “Марказий Осиё – Хитой” форматидаги аниқ иқтисодий ва ижтимоий лойиҳаларни қонунчилик жиҳатидан қўллаб-қувватлаш воситасига айланиши лозим. Хусусан, инвестициялар учун қулай ҳуқуқий муҳит яратиш, савдо ва электрон тижоратни ривожлантириш, стандартлар ва сертификатлаш тизимларини такомиллаштиришда парламентлар муҳим роль ўйнаши зарур.
Бу борада “Марказий Осиё – Хитой” механизми тобора мустаҳкамланиб бораётганига алоҳида эътибор қаратилди. Яхши қўшничилик ва шериклик маконига айланган Марказий Осиёдаги чуқур трансформация жараёнлари ҳамда Хитойнинг қўшни давлатлар билан дўстона муносабатларни ривожлантириш ва “Бир макон, бир йўл” глобал концепциясини илгари суришга қатъий содиқлиги ушбу форматдаги ҳамкорликнинг ривожланишига имкон бермоқда.

– Марказий Осиё ва Хитой ўртасидаги савдо-иқтисодий, транспорт-логистика соҳаларидаги ҳамкорлик муносабатларида “Ўзбекистон– Қирғизистон–Хитой” темир йўли қурилиши жуда катта тарихий воқеа ҳисобланади, – дейди “Хитой – Марказий Осиё” механизми бош котиби Сун Вейдун. – Бу минтақадаги барча мамлакатларнинг умумий манфаатига хизмат қилади ва стратегик соҳалар ривожланишини тарихий босқичга олиб чиқади. Бундан ташқари, минтақада биз яшил энергетикани биргаликда ривожлантиришдан ҳам манфаатдормиз ва бу борадаги алоқалар йилдан-йилга кенгайиб бораётгани қувонарли. Парламент, жамоатчилик ва халқ дипломатиясининг ривожланиши мамлакатларимиз тараққиётига хизмат қилувчи муҳим воситалардан биридир. Мазкур конференция эса партиялараро мулоқот ва ўзаро дўстлик муносабатларини мустаҳкамлаш учун муҳим платформа бўлиб хизмат қилишига ишонаман.
Тадбирда Хитой ва Марказий Осиё мамлакатлари сиёсий партиялари ўртасидаги мулоқотни мунтазам давом эттириш, парламентлар ва уларнинг қўмиталари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни кенгайтириш, қонун ижодкорлиги бўйича тажриба алмашиш ҳамда амалий ташаббусларни илгари суриш муҳимлиги қайд этилди. Иштирокчилар сиёсий партиялар ва парламентлар ўртасидаги мулоқотни янги босқичга олиб чиқиш, мавжуд келишувларнинг ижтимоий аҳамиятини кучайтириш ва минтақанинг тинчлиги, барқарорлиги ҳамда фаровонлигига хизмат қиладиган амалий ташаббусларни қўллаб-қувватлаш бўйича умумий ёндашувларни илгари сурдилар.
Ғолиб Ҳасанов,
ЎзА мухбири