Парламент назорати – ислоҳотлар самарадорлигининг муҳим омили
Навоийда Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева иштирокида Олий Мажлис Сенати Кенгашининг сайёр мажлиси ўтказилди.
Унда вилоятни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш дастурларининг амалга оширилиши, Президент томонидан белгиланган вазифалар ижроси ҳамда соҳадаги мавжуд муаммолар атрофлича таҳлил қилинди.
Қайд этилганидек, жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида вилоятда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 113,9 триллион сўмни ташкил этиб, иқтисодий ўсиш суръати 6,7 фоизга етди. Саноат ишлаб чиқариши 5,4 фоиз, қурилиш ишлари 28,3 фоиз, бозор хизматлари 18,9 фоиз, қишлоқ хўжалиги эса 4,4 фоизга ўсди.
Президент видеоселектор йиғилишларида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва хусусий секторни иқтисодий ўсишнинг асосий драйверига айлантириш бўйича берилган топшириқлар ижроси доирасида вилоятда қарийб 1,5 мингта янги тадбиркорлик субъекти ташкил этилди. Шунингдек, кичик ва ўрта бизнесни молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида 3,2 триллион сўмлик кредит маблағлари ажратилди. Уларнинг 945 миллиард сўми “Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш”, “Кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш”, “Бизнесга биринчи қадам” ва “Маҳалла лойиҳаси” дастурлари доирасида йўналтирилди. Бу эса маҳаллаларда янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли даромадларини оширишга хизмат қилмоқда.
Шу билан бирга, ижтимоий жиҳатдан оғир ҳудудларни ривожлантириш мақсадида Конимех ва Навбаҳор туманлари ҳамда 12 та “оғир маҳалла”да умумий қиймати 156 миллиард сўмлик 60 дан ортиқ лойиҳа амалга оширилмоқда. Бу лойиҳалар орқали муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини яхшилаш, тадбиркорликни ривожлантириш ва янги иш ўринлари яратиш кўзда тутилган.
Бироқ мажлисда Президент видеоселектор йиғилишларида танқид қилинган масалалар билан ҳамоҳанг равишда айрим йўналишларда камчиликлар ҳам сақланиб қолаётгани қайд этилди. Хусусан, Томди туманида қурилиш ишларининг ўсиш суръати таъминланмаган, Ғозғон шаҳри ва Конимех туманида саноат ишлаб чиқариш прогноз кўрсаткичлари бажарилмаган. Хатирчи туманида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажмида ўсиш суръати паст бўлиб, аҳоли жон бошига ишлаб чиқариш кўрсаткичлари ўсмаган.

Шунингдек, экспорт прогнозлари олтита ҳудудда бажарилмаган. Томди ва Учқудуқ туманларида натижалар энг паст даражада қолмоқда. Кармана, Конимех, Томди, Хатирчи туманлари ҳамда Ғозғон шаҳрида ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналарида ҳали бирорта ҳам лойиҳа ишга туширилмаган бўлса, Навоий ва Зарафшон шаҳарлари ҳамда Конимех, Хатирчи ва Нурота туманларида солиқ қарздорлиги ошиб бормоқда.
Мажлисда таъкидланганидек, иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлаш, аҳоли бандлигини ошириш ва камбағалликни қисқартириш ҳар бир туман, шаҳар ва маҳалла раҳбарининг шахсий масъулияти бўлиши лозим. Президент томонидан белгиланган вазифаларнинг тўлиқ ижросини таъминлаш учун ҳар бир инвестиция лойиҳаси, ҳар бир янги иш ўрни ва ҳар бир маҳалладаги иқтисодий имкониятлар қатъий назоратга олиниши зарур.

Шу муносабат билан халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига аҳолини даромадли меҳнат билан таъминлаш, камбағалликни қисқартириш ҳамда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари ижроси бўйича мутасадди раҳбарларнинг ҳисоботларини мунтазам эшитиб бориш тавсия этилди. Бу парламент назоратининг таъсирчанлигини янада ошириш, қабул қилинган қарорларнинг амалдаги натижадорлигини таъминлашга хизмат қилади.
Йиғилиш якунида билдирилган таклиф ва мулоҳазалар асосида Олий Мажлис Сенати Кенгашининг тегишли қарори қабул қилиниб, белгиланган вазифаларнинг тўлиқ ва сифатли ижросини таъминлаш, ҳудудларнинг иқтисодий салоҳиятини ишга солиш, аҳоли бандлигини ошириш ва камбағалликни қисқартириш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири