“Париж-2024”да оғир атлетика бўладими?
2020 йилнинг апрель ойида Халқаро оғир атлетика федерацияси (IWF)нинг собиқ президенти Тамаш Аяаннинг ўз вазифасидан четлаштирилиши оқибатида оғир атлетика атрофида турли қарашлар вужудга келди. Токио олимпиадаси якунлангандан кейин ҳам IWF ва унинг мутасаддилари, спортчилари ҳақида кечаётган гап-сўзлар тўхтаганича йўқ.
Бу ҳол ХОҚнинг жиддий эътирозига сабаб бўлмоқда. Жумладан, ташкилотнинг бир қатор раҳбарларига қўлланилган айблов хулосалари ҳали эълон қилинмай туриб, Халқаро олимпия қўмитаси IWFдаги коррупцион ҳолатлар ва допинг билан боғлиқ айбловлар жараёнида 2024 йилги Париж олимпиадасида оғир атлетика “бўлмаслиги мумкин”лигидан огоҳлантирди.
Маълумки, ўтган йили Халқаро оғир атлетика федерацияси ижроия қўмитаси томонидан ташкилотнинг вақтинча раҳбарлигига бир қатор номзодлар илгари сурилиб, аввалига америкалик Урсула Папандреа, кейин таиландлик Интарата Йодбангтоя, якуний ҳолатда эса британиялик Майкл Ирани IWFнинг вақтинча президенти этиб тайинланганди.
ХОҚнинг тавсияси асосида Халқаро оғир атлетика федерациясининг янги таркиби, Низоми ишлаб чиқилди. Махсус комиссия белгиланди. Лекин кўзланган натижага эришилганича йўқ, дейилади олимпия қўмитасининг ахборотида.
Шу муносабат билан жорий йилнинг 2-3 декабрь кунлари Халқаро оғир атлетика федерациясининг раҳбар органини сайлаш учун конгресс белгиланганди. Ушбу конгресс 20-21 декабрь кунларига қолдирилганлиги тўғрисидаги ахборот IWFнинг расмий сайтида эълон қилинди. Бироқ мазкур йиғилиш қаерда ва қайси тартибда ўтказилиши тўғрисида батафсил маълумот берилмаганлиги оғир атлетика ва спорт билан боғлиқ турли интернет тармоқларида кенг муҳокама қилинмоқда.
Т. Рўзиев, ЎзА