Франция пойтахти Парижда давом этаётган XVII ёзги Паралимпия ўйинларида Хитой паралимпиячилари 62 та олтин, 46 та кумуш, 27 та бронза жами 135 та медаль билан якка етакчига айланиб олди. Кейинги поғонада Буюк Британия ва АҚШ жамоалари турибди. Ўйинлар якунланишига яна 4 кун бор. "Париж-2024" Паралимпия ўйинларида совринли ўринлар учун қизғин курашлар кечаётган айни паллада Хитой муддатидан аввал 1-ўринни эгаллашга улгурди.
Хўш, ўзбекистонлик паралимпиячиларнинг кўрсатажак натижалари қай кўринишда бўлади? Бугунгача мамлакатимизнинг матонатли паралимпиячилари 6 та олтин, 5 та кумуш, 4 та бронза медали билан 12-ўринда бораётгани, бугун ва кейинги кунги мусобақаларда пара дзюдо, пара пауэрлифтинг, пара енгил атлетика, пара сузиш каби спорт турларида совринли ўринларга ўзбекистонлик матонатли спортчилар даъвогарлик қилишини назарда тутсак, кўрсаткичларимиз "Токио-2020" ўйинларидан яхшиланишига умид қилсак бўлади.
Айтиш лозим, Японияда ўтказилган XVI ёзги Паралимпия ўйинларида мамлакатимиз пара спортчилари 8 та олтин, 5 та кумуш, 6 та бронза медали билан умумжамоада 16-ўринни эгаллаганди. Ўшанда мамлакатимиз пара спортчилари совринли ўринларни пара дзюдо, пара енгил атлетика, пара таэквондо, пара пауэрлифтинг, пара сузиш дастурларида қўлга киритганди.
Бугун 15 та спорт турида мусобақалар ташкил этилса, шундан 12 тасида 95 та медаллар жамланмаси учун курашлар бўлиб ўтади. Мамлакатимизнинг 9 нафар иродали спортчилари кун давомида пара дзюдо, пара енгил атлетика, пара сузиш ва пара пауэрлифтинг дастурларида иштирок этади.
Эслатиб ўтамиз, Франция спорт майдонларидаги Паралимпия ўйинлари 8 сентябрга қадар давом этади.
Т.Рўзиев, ЎзА