Пара спортчиларимизнинг ҳафта мобайнидаги ютуқлари
Юртимиз пара спортчилари ўтаётган ҳафта мобайнида бир қатор халқаро мусобақаларда ўз ирода ва маҳоратларини намойиш этди.
Жумладан, Тунисда пара енгил атлетика бўйича Париж-2024 ёзги Паралимпия ўйинларига муҳим рейтинг очколарини тақдим этадиган халқаро Гран-при баҳсларида мамлакатимизнинг 9 нафар матонатли спортчилари қатнашиб, 5 та кумуш ва 1 та бронза, жами 6 та медаль соҳиблари бўлди.

Мазкур мусобақада эркаклар ўртасида T46/47 классида узунликка сакраш баҳсларида ҳамюртимиз Омадбек Ҳасанов 6,51 метр натижа билан кумуш медалга сазовор бўлди. F37 классида ядро улоқтириш баҳсларида икки нафар ҳамюртимиз – Муҳаммад Рихсимов ҳамда Қудратулло Маъруфхўжаев совриндорлар сафидан жой олди. Рихсимов 13,86 метр натижа билан кумуш медалга эга чиққан бўлса, 12,87 метр натижа қайд этган Маъруфхўжаев бронза медалига сазовор бўлди.

Аёллар ўртасида F13/46 классида найза улоқтириш баҳсларида эса Шаҳинахон Йигиталиева 32,20 метр натижа билан 2-ўринни банд этди.
20 ёшгача бўлган жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахматчилар ўртасида онлайн платформада ўтган Осиё чемпионатида ҳам Ўзбекистон спортчиси зафар қучди.
Пара шахмат бўйича Ўзбекистон терма жамоа аъзоси Аҳадхон Кимсанбоев 9 та давлатнинг энг кучли пара шахматчилари билан баҳслашди. Муросасиз «ақл жанглари» натижасида Аҳадхон Кимсанбоев 7 турда 7 та ғалаба қайд этди ва Осиё чемпионлигига эришди.
Т.Рўзиев, ЎзА