Пара камондан отиш бўйича очиқ чемпионат
Сирдарё вилоятида пара спортни оммалаштириш, жисмоний имконияти чекланган спортчилар ўртасида соғлом рақобат муҳитини мустаҳкамлаш ҳамда ҳудудлар ўртасида тажриба алмашинувини кенгайтириш мақсадида муҳим спорт тадбири ташкил этилди. 25-26 апрель кунлари Гулистон шаҳрида пара камондан отиш спорт тури бўйича Сирдарё вилояти очиқ чемпионати бўлиб ўтди.
Мазкур мусобақада нафақат вилоят спортчилари, балки Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Фарғона, Жиззах, Самарқанд, Бухоро ва Сурхондарё вилоятларидан жами 43 нафар пара спортчи иштирок этди. Беллашувлар давомида иштирокчилар юқори аниқлик, мустаҳкам ирода ва юксак маҳорат намоён этиб, томошабинларда катта таассурот қолдирди.
Чемпионат Сирдарё вилоят ҳокимлиги, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг вилоят бошқармаси, Миллий гвардиянинг вилоят бўйича бошқармаси ҳамда Ўзбекистон камондан (пара камондан) отиш федерацияси ҳамкорлигида ташкил этилди. Бу эса мусобақанинг нафақат спорт, балки ижтимоий аҳамиятини ҳам янада оширди.
Таъкидлаш жоиз, бундай мусобақалар жисмоний имконияти чекланган шахсларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, уларнинг жамият ҳаётида тўлақонли иштирокини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади. Шу билан бирга, пара спортчилар учун ўз салоҳиятини намоён этиш, ирода ва матонатини синаб кўриш имкониятини яратади.
[gallery-29019]
Мусобақа натижаларига кўра, 70х70 классик йўналишда эркаклар ўртасида Самарқанд вилояти вакили Аббос Абдуғаниев ғолибликни қўлга киритди. Аёллар ўртасида эса Барчиной Абсаламова биринчи ўринни эгаллади.
Компаунд йўналиш (50 метр) бўйича эркаклар ўртасида бухоролик Муҳаммад Суннатуллаев, аёллар ўртасида эса фарғоналик Мавлуда Абдуназарова ғолиб деб топилди.
Ёшлар ўртасидаги беллашувларда сирдарёлик Зоир Тоиров биринчи ўринни қўлга киритган бўлса, қизлар ўртасида Қорақалпоғистон Республикаси вакили Мадинабону Абдуллаева ғолибликка эришди. Жамоавий баҳсларда эса Самарқанд вилояти жамоаси устунликни сақлаб қолди.
Мусобақа якунида ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири