Пара енгил атлетикачимиз Тунис Гран-присида ғолиблик шоҳсупасида
Тунисда пара енгил атлетика бўйича бошланган халқаро гран-при мусобақасининг илк кунида матонатли ва иродали пара спортчимиз ғолиблик шоҳсупасига кўтарилди.
58 мамлакатнинг матонатли пара енгил атлетикачилари иштирок этаётган нуфузли мусобақада “Париж-2024” Олимпиадасининг 20 га яқин ғолиб ва совриндорлари, жаҳон чемпионлари, рекордчилари қатнашмоқда.
Кеча дунёнинг энг кучли 490 нафарга яқин пара енгил атлетикачилари қатнашаётган мазкур нуфузли мусобақанинг илк кунида ҳамюртимиз, Ўзбекистон давлат спорт академияси талабаси Фароғат Муҳаммадқулова юксак маҳорат ва матонат намойиш этиб, терма жамоамиз ҳисобига дастлабки олтин медални тақдим этди.

Айтиш лозим, йигирманчи бор ташкил этилаётган ушбу Гран-при мусобақасида Тунис жамоаси энг кўп(40 нафар) спортчи билан қатнашаётган бўлса, Ўзбекистон терма жамоаси 30 нафар атлет билан совринли ўринларга даъвогарлик қилмоқда.
Терма жамоамиз таркибида “Париж-2024” Олимпиадаси ғолиблари Қудратиллахон Маъруфхўжаев, Ёрқинбек Одилов, Нурхон Қурбонова сингари тажрибали спортчилар билан бир қаторда ёш иқтидор эгалари ҳам совринли ўринларга даъвогарлик қилишга чоғланмоқда.
Халқаро турнир баҳслари 19 июнга қадар давом этади.
Т.Рўзиев, ЎзА