Пара дзюдочиларимиз Қозоғистонда шоҳсупага кўтарилди
Қозоғистоннинг Остона шаҳрида пара дзюдо бўйича "IBSA Grand Prix Astana – 2026" халқаро гран-при мусобақаси бошланди. Унда дунёнинг 24 мамлакатидан жами 140 нафар, хусусан, Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари ҳам иштирок этаётир.
Мусобақанинг илк кунида вакилларимиздан Шоҳруҳ Мамедов ҳамда Шерзод Намозов шоҳсупага кўтарилди. Ҳал қилувчи беллашувларда J1 класси, 81 кг. вазнида Ш.Мамедов бразилиялик Данило Силвадан устун келиб, олтин медалга сазовор бўлди. Нейтрал мақомдаги спортчилар Магомедзакир Магомедов ва Александр Жужгов кучли учликдан жой олди.

J2 класси бўйича вазни 70 кг. бўлган полвонлар орасида Шерзод Намозов кумуш медалга сазовор бўлди. Бу йўналишда қозоғистонлик Ибрагим Нурмаханулини олтин, Искандер Улданов (Қозоғистон) ва Серхио Ибанес (Испания) бронза медални қўлга киритди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА