Парҳез маҳсулот мўл бўлади
Мамлакатимизда қишлоқ хўжалигининг муҳим тармоқларидан бири бўлган балиқчиликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Мамлакатимизда қишлоқ хўжалигининг муҳим тармоқларидан бири бўлган балиқчиликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.Президентимизнинг қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш, аҳолининг табиий ва сифатли озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини тўла таъминлаш, хусусан, балиқчилик тармоғини ривожлантиришга қаратилган фармон ва қарорлари бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 13 августдаги «Балиқчилик тармоғида монополиядан чиқариш ва хусусийлаштиришни чуқурлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори доирасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар самарасида балиқчилик тармоғи ривожланиб, ихтисослашган хўжалик ва корхоналар сони, уларда етиштирилаётган маҳсулот ҳажми тобора ортиб бормоқда.
Наманган вилоятида мазкур тармоқ ривожи йўлида салмоқли ишлар амалга оширилаётир. Балиқчилик хўжаликларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, янгиларини ташкил этиш, бунинг учун ер майдонлари ажратиш, кафолатли сув ҳамда зарур техник жиҳозлар билан таъминлаш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, банклар томонидан кредит ажратиш, табиий ва сунъий сув ҳавзаларини тендер асосида аҳолига ижарага бериш шулар жумласидандир.
Вилоятдаги 229 балиқчилик хўжалигида жорий йилнинг биринчи ярмида 480 тоннадан зиёд балиқ етиштирилди. Айни пайтда балиқчилик хўжаликлари ва корхоналари тасарруфидаги 2 минг 400 гектар сунъий сув ҳавзаларида олти миллион донадан ортиқ сазан, оқ амур, карп, дўнгпешона каби балиқ чавоқлари парваришланмоқда. Жорий йилда улар томонидан 2 минг 400 тоннадан ортиқ балиқ маҳсулотлари етиштириш режалаштирилган. Бунда “Наманган балиқ” масъулияти чекланган жамияти, “Кўктой балиқ”, “Наврўз балиқчи”, “Фарғона форель”, “Илҳом балиқчи”, “Умид-дил балиқчи”, “Акбарали” сингари фермер хўжаликларининг ҳиссаси катта бўлаётир.
“Наманган балиқ” масъулияти чекланган жамияти вилоятдаги энг йирик хўжаликлардан бири. 520 гектар сунъий ҳавзада оқ амур, дўнгпешона, сазан балиқлари парваришланаётган хўжаликда 70 киши меҳнат қилади. Жамият томонидан ўтган йили 434 тоннадан зиёд балиқ етиштирилди.
– Бу йил 580 тонна маҳсулот етиштиришни режалаштирганмиз, – дейди «Наманган балиқ» масъулияти чекланган жамияти раиси Рустамжон Тиллақўзиев. – Шу мақсадда 11 ҳавзага 750 мингдан зиёд балиқ личинкаси ташланди. Маҳсулотнинг 30 фоизини махсус музлатгич омборларда сақлаймиз. Бу мавсумлар оралиғида бозорда балиқ маҳсулоти узилишининг олдини олиш, шартнома асосида таъминот мунтазамлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Жорий йилда 30 янги лойиҳа асосида 200 гектар сунъий ҳавзада балиқчилик ташкил этиш, 120 дан зиёд янги иш ўрни яратиш кўзда тутилган эди. Бу мақсадлар учун 2 миллиард 60 миллион сўм сармоя, жумладан, 1 миллиард 236 миллион сўм банк кредити йўналтирилди. Амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида режадаги ишлар ортиғи билан уддаланди. Жумладан, 300 гектардан зиёд ҳавзада балиқчиликка ихтисослашган 45 хўжалик ташкил этилди. 153 янги иш ўрни яратилди. Мингбулоқ туманидаги “Жўраев Умаржон”, “Ҳамдамова Дилноза”, “Мамадалиев Фазлиддин” фермер хўжаликлари, Наманган туманидаги “Иброҳимов Музаффар”, “Шербулоқ балиқлари” фермер хўжаликлари, “Мадина Мафтуна Акрам” масъулияти чекланган жамияти, Косонсой туманидаги “Осмон сайёраси”, “Парпиев Муродилло”, “Ҳолиқов Ҳасанбой”; Тўрақўрғон туманидаги “Номир Толиб”, “Раҳмонов Мансуржон”, “Тўрақўрғон обод замин” фермер хўжаликлари шулар жумласидандир.
Эришилаётган ютуқларда балиқчиликка интенсив усуллар жорий этилаётгани муҳим омил бўлаётир. Жумладан, соҳада қўлланилаётган садок, яъни қафас усули самарали бўлмоқда. Вилоят давлат солиқ бошқармаси, вилоят табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси, “Норин-Сирдарё” ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси ва туман ҳокимликлари билан ҳамкорликда олиб борилган ишлар туфайли жорий йилда 140 садок ишга туширилади. Айни пайтда 15 хўжаликда садоклар ўрнатилмоқда.
Бир сўз билан айтганда, соҳани ривожлантириш учун ишлаб чиқилган махсус дастур асосида олиб борилаётган чора-тадбирлар вилоятда балиқчиликни ривожлантириш, энг муҳими, бозорда ғоят фойдали ва парҳез маҳсулот – балиқнинг сероблигини таъминлайди.