Парҳез маҳсулот мўл бўлади
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 13 августдаги “Балиқчилик тармоғида монополиядан чиқариш ва хусусийлаштиришни чуқурлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори балиқчиликни ривожлантириш, тармоқда иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштиришда муҳим дастуриламал бўлмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 13 августдаги “Балиқчилик тармоғида монополиядан чиқариш ва хусусийлаштиришни чуқурлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори балиқчиликни ривожлантириш, тармоқда иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштиришда муҳим дастуриламал бўлмоқда.Мазкур қарор ва бошқа дастурларга кўра, жойларда кўплаб балиқчилик хўжаликлари ташкил этилиб, уларнинг фаолияти ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда. Бу янги иш ўринлари яратиш, сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ва энг муҳими, аҳолининг балиқ маҳсулотига бўлган эҳтиёжини қондиришга хизмат қилмоқда.
Самарқанд вилоятида ҳам ушбу йўналишдаги ишлар аниқ дастурлар асосида изчил давом эттирилмоқда. Ҳудудларда янги балиқчилик хўжаликлари ташкил этиш ва мавжудларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор берилмоқда.
– Бугунги кунда балиқчилик хўжаликлари 200 дан ошди, – дейди Самарқанд вилояти қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси чорвачилик сектори мутахассиси Алижон Аббосов. – Улар ўз тасарруфидаги 1 минг 78 гектар табиий, 1 минг 81 гектар сунъий сув ҳавзаларида оқ амур, карп, дўнгпешона ва бошқа турдаги балиқларни парваришламоқда. Давлатимиз томонидан яратилган имконият ва имтиёзлар туфайли соҳада маҳсулот тайёрлаш ҳажми йил сайин ошмоқда. Масалан, 2008 йилда вилоят бўйича 211 тонна балиқ етиштирилган бўлса, ўтган йили бу кўрсаткич 1 минг 384 тоннани ташкил этди. Жорий йилда маҳсулот ҳажми ўтган йилдагидан ҳам кўпайиши кутилмоқда.
Самарқанд туманидаги “Оқ Амур балиқлари” фермер хўжалиги вилоятдаги йирик балиқчилик хўжаликларидан бири. Хўжаликнинг 30 гектарлик сув ҳавзаларида балиқ етиштириш билан бирга, уруғчилик ҳам йўлга қўйилган.
– Илк фаолият бошлаган пайтимизда балиқ чавоқларини Тошкент вилоятидан келтирар эдик, – дейди фермер хўжалиги етакчиси Комил Ҳалимов. – Лекин бу анча харажат ва йўқотишларга олиб келарди. Кейинчалик хўжалигимизда балиқ чавоқларини кўпайтиришни йўлга қўйдик ва айни пайтда вилоятимиздаги балиқчилик хўжаликларига ҳам етказиб беряпмиз. Жорий йилда сув ҳавзаларимизга 21 минг 665 килограмм балиқ чавоқлари ташладик. Бундан ташқари, йил бошидан буён ички бозорга 15 тоннадан ортиқ балиқ чиқаришга эришдик. Айни пайтда хўжаликда яна тўртта сув ҳавзаси ташкил этилмоқда.