Пандемия шароитида ФАОнинг Ўзбекистонга ёрдами
Ҳатто иқтисодий жиҳатдан ривожланган мамлакатларда ҳам пандемия шароитида ишсизлик ва қашшоқликнинг ўсиши жиддий муаммо бўлиб қолмоқда. Аграр сектор ҳам ушбу салбий таъсир доирасидан четда қолмади. Гарчи Ўзбекистонда ҳукумат томонидан ўз вақтида кўрилган чора-тадбирлар туфайли пандемия қишлоқ хўжалигида жиддий узилишларга сабаб бўлмаган бўлса ҳам, хатарлар ҳанузгача мавжуд. Бу эса қишлоқ аҳолисининг даромадига таъсир кўрсатмай қолмайди.
Маълумки, қашшоқликни камайтириш 17 та барқарор ривожланиш мақсадларининг энг биринчиси ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан ҳамкорликда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) томонидан Глобал Экологик жамғарма (ГЭФ) кўмагида амалга оширилаётган "Марказий Осиё ва Туркиянинг қурғоқчил ва шўрланган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш ландшафтларида табиий ресурсларни комплекс бошқариш" лойиҳаси ҳам ушбу мақсадга эришишга қаратилган.

Таъкидлаш жоиз, лойиҳа доирасида 2020 йил июнь ойида Бухоро туманидаги томорқа хўжаликларига 30 минг дона помидор, карам ва булғор қалампири кўчатлари, июль ойида эса 10 тоннадан ортиқ азотли ва фосфорли ўғитлар беғараз етказиб берилди. Бу пандемия даврида туманда молиявий қийинчиликларга дуч келган томорқа ер эгалари учун сезиларли ёрдам бўлди.
– Аҳолининг заиф қатламларини қўллаб-қувватлаш, глобал озиқ-овқат таъминоти занжирларининг барқарорлигини таъминлаш ва озиқ-овқат тизимида пандемия оқибатларини юмшатиш бўйича чора-тадбирлар ушбу мураккаб даврда озиқ-овқат инқирозининг олдини олишга ёрдам беради, – дейди лойиҳа миллий координатори Муҳаммаджон Қосимов.

Бухоро тумани ҳокимлиги ва вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси томонидан эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш бўйича рўйхатлар шакллантирилди. Ушбу рўйхатлар асосида ФАОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси кўмакка муҳтож хонадонларга 17 та сув насоси тақдим этди.
Лойиҳа доирасида Бухоро туманига томорқа ерларига ишлов бериш учун 4 та мотокультиватор етказиб берилди. Сув насослари ва мотокультиваторларни топшириш маросимида ушбу ускуналар барқарор ҳосил олишда ва ердан самарали фойдаланишда муҳим аҳамият касб этиши алоҳида таъкидланди.

– Пандемия даврида деҳқон ва томорқа хўжаликларига кўрсатилаётган беғараз ёрдам учун миннатдорлик билдираман ва шуни таъкидламоқчиманки, Бухоро тумани аҳолиси бу борадаги ҳамкорликни янада ривожлантиришдан манфаатдор, – дейди Бухоро тумани ҳокими Қаҳрамон Дўстов.
ФАОнинг туман аҳолисига беғараз ёрдами шу билан чекланмайди. Юқорида таъкидланган лойиҳа доирасида иссиқхона хўжаликларини янада ривожлантириш учун тумандаги томорқа хўжаликларида 20 та иссиқхона қуриш режалаштирилган. Иссиқхоналарни етказиб бериш ва қуриш бўйича чора-тадбирлар аллақачон бошлаб юборилган.