Пандемия ҳали ниҳоясига етгани йўқ
АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен коронавирусга тест топшириб, ушбу касаллик билан хасталангани маълум бўлди, деб хабар тарқатди чоршанба куни давлат департаменти.
"Бугун давлат котиби Энтони Блинкен ПЦР-тест топширди, натижа мусбат чиқди. Давлат котиби тўлиқ эмланган, у шунингдек, вирусга қарши бустер вакцинасини ҳам олган, шу боис касаллик аломатлари жуда оз кузатилмоқда", дейилади давлат департаменти матбуот хизмати тарқатган баёнотда.
Хабарда айтилишича, давлат котиби сўнгги бир неча кунда АҚШ Президенти Жо Байден билан шахсан учрашмаган. Шифокорларнинг таъкидлашича, Блинкен бир неча кун уйда бўлади ва фаолиятини виртуал шаклда олиб боради.