Пахта-йиғим терими қизғин давом этмоқда
Андижон вилоятининг барча туманларида пахта йиғим-терими бошланди.
Андижон вилоятининг барча туманларида пахта йиғим-терими бошланди.
Жорий йилда Шаҳрихон туманида фаолият юритаётган 219 та фермер хўжалиги ҳамда “Саховат текс” кластер корхонасининг 7 минг 132 гектар майдонида пахта ҳосили етиштирилди. Айни кунларда туманда ҳосилни йиғиштириб олишга киришилди.
– Ерга чигит қадалган эрта баҳордан шу кунгача белгиланган барча агротехник тадбирлар ўз вақтида, сифатли бажарилди, – дейди туман ҳокимининг қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Аъзамжон Жўраев. – Уюшқоқлик билан олиб борилган ишлар самараси ўлароқ, бугун пахтадан мўл ҳосил етиштирилди. Бу борада “Янги вахм”, “Бўстон”, “Абдубий” ва “Олтин тупроқ” массивларидаги хўжаликлар томонидан ишлар намунали ташкил этилди.
Мавсум олдидан Абдубий массивидаги “Янгибой ота” фермер хўжалигида нуронийлар, соҳа мутахассислари иштирокида эҳсон ўтказилди. Унда Қуръон тиловат қилиниб, яхши ниятлар билан дуо-фотиҳалар қилинди.
Туманда пахта теримини уюшқоқлик билан ўтказиш мақсадида 93 та терим отряди шакллантирилди, 211 та пахта ташиш техникаси тайёрлаб қўйилди. Фермер хўжалигида теримчилар учун зарур барча шарт-шароитлар яратилди.
Шаҳрихонлик пахтакорлар томонидан жорий йилда давлатга 24 минг 240 тонна “оқ олтин” ҳосили топширилиши режалаштирилган.