“Ўзсувтаъминот” АЖ: коррупцияга йўл йўқ
“Ўзсувтаъминот” АЖ ва унинг тизим ташкилотларида коррупцияга қарши курашиш, коррупциявий ҳолатларни келтириб чиқарувчи омилларни барвақт аниқлаш ва бартараф этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борадаги ишлар самарадорлигини оширишда ташкилотнинг коррупцияга қарши курашиш комплаенс назорат бошқармаси фаолияти муҳим аҳамият касб этмоқда.
Жумладан, ташкилотда “Жамиятнинг яширин иқтисодиёт ва коррупцияга қарши курашиш ҳамда унинг олдини олиш бўйича “йўл харитаси”, “Жамиятнинг коррупцияга қарши курашиш сиёсати”, “Манфаатлар тўқнашувини бошқариш бўйича низом” каби коррупцияга қарши курашиш соҳасини тартибга солувчи 16 та ички норматив ҳужжатлар ишлаб чиқилган ва тасдиқланган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида “Ўзсувтаъминот” АЖ ахборот хизмати раҳбари Акмал Муродов иштирокида ўтказилган брифингда шулар ҳақида маълумот берилди.
Қайд этилишича, жамиятга ходимларнинг ишга қабул қилиш жараёнини очиқ танлов асосида амалга ошириш ҳамда танлов доирасида ўтказиладиган синов тадбирларини интернет тармоғи орқали реал вақт режимида кузатишни назарда тутувчи тартиб жорий этилган. 2022 йилда “Ўзсувтаъминот” АЖ ҳамда унинг тизим ташкилотларида жами 68 та манфаатлар тўқнашуви ҳолатлари аниқланиб, улардан 44 таси бартараф этилган, қолганлари жойлардаги “Одоб ахлоқ” комиссияларига кўриб чиқиш учун юборилган. Шунингдек, ташкилотнинг алоқа каналлари орқали ходимларнинг коррупциявий хатти-ҳаракатлари, манфаатлар тўқнашуви ва бошқа коррупциявий қонунбузарликлар билан боғлиқ масалалар тўғрисида жами 893 та мурожаат келиб тушган. Уларнинг барчаси қонун доирасида ҳал этилган.
Ҳисобот даврида жамиятнинг коррупцияга қарши курашиш комплаенс назорат бошқармаси ҳамда унинг ҳудудий бўлимлари инспекторлари томонидан 393 та мониторинг ва назорат тадбирлари ўтказилган. 45,7 миллиард сўмлик хато ҳамда камчиликларга йўл қўйилганлиги аниқланган. Аниқланган камомад ва ўзлаштиришлар бўйича жами 6,3 миллиард сўм миқдоридаги маблағ ва товар-моддий бойликлар жамият ҳамда унинг ҳудудий корхоналарининг ҳисоб-рақамларига ундирилган. 25,4 миллиард сўмлик камомад, ўзлаштириш ва талон-тарож ҳолатлари бўйича жами 117 та ҳужжат қонуний чора кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилган. Бугунги кунда “Ўзсувтаъминот” АЖ ҳамда унинг тизим ташкилотларида коррупцияга қарши курашиш ички назорат тузилмаларида меҳнат қилаётган жами 23 нафар ходимнинг малакасини ошириш мақсадида улар учун мунтазам равишда махсус ўқув семинар-тренинглар ташкил этиб келинмоқда.
Коррупциявий хатти-ҳаракатларнинг олдини олиш мақсадида ҳисобот даврида комплаенс-назорат хизмати ходимлари томонидан жамиятнинг тизим ташкилотлари, маҳаллалар ва таълим муассасаларида мавзуга оид 585 та учрашув ҳамда давра суҳбатлари ўтказилди. Таъкидлаш жоиз, ташкилот тизимида коррупцияга қарши курашиш борасида амалга оширилган кенг кўламли ишларнинг натижаси ўлароқ ўтган йилнинг февраль ойида “Ўзсувтаъминот” акциядорлик жамияти "Коррупцияга қарши курашиш менежмент тизими" мавжудлигини тасдиқловчи ISO 37001:2016 ҳамда "Сифат менежмент тизими" мавжудлигини тасдиқловчи ISO 9001:2015 халқаро сертификатларига эга бўлди.
Нилуфар Бозорова,
ЎзА