"Ўзсувтаъминот" АЖ: коррупцияга йўл йўқ
Коррупция давлат ва жамият тараққиётига тўсқинлик қилувчи иллатдир. Коррупцияга қарши кураш халқаро миқёсдаги долзарб муаммолардан биридир. Мамлакатимизда ҳам унга қарши муросасиз курашилмоқда. Бу борада халқаро ҳамкорлик йўлга қўйилиб, хорижий мамлакатларнинг илғор тажрибаси ҳам ўрганилмоқда.
Жумладан, ҳар бир ташкилотларда миллий қонунчилик асосида комплаенс-назорат тизими жорий этилди.

– Давлатимиз раҳбарининг тегишли фармони билан “Ўзсувтаъминот” АЖ да ҳам соҳада коррупцияга қарши курашиш йўналишида бир қатор самарали ишлар бажарилди, – дейди "Ўзсувтаъминот" АЖнинг Коррупцияга қарши курашиш комплаенс назорат бошқармаси бошлиғи Камолиддин Юлдашев. Жумладан, акциядорлик жамияти ва унинг барча ҳудудий сув таъминоти корхоналарида комплаенс-назорат тизими жорий этилди. Коррупцияга қарши курашиш соҳасини тартибга солувчи 14 та ички меъёрий ҳужжат ишлаб чиқилди. Жойларда мунтазам равишда, шу жумладан, жорий йилнинг ўтган даврида коррупцияга қарши курашиш масалаларига бағишланган 500 га яқин учрашув ва давра суҳбатлари ўтказилди. Шунингдек, кўрсатилган хизматлар учун тўловларнинг шаффофлигини янада ошириш орқали коррупция ҳолатларининг олдини олиш мақсадида республикамизнинг 81 та туман ва шаҳарларида тўловлар электрон шаклга ўтказилган.
Қолаверса, жорий йилнинг февраль ойида “Ўзсувтаъминот” АЖ Сифат менежменти (ИСО 9001) ва Коррупцияга қарши курашиш (ИСО 37001) бўйича халқаро сертификатларига эга бўлди. Тизимда айни пайтда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш мақсадида турли тўловлар, пул кўчириш ва бошқа масалаларда шаффофликни таъминлашда мутахассислар иш олиб бормоқда.

Нилуфар Бозорова, Ойбек Пардаев (сурат) ЎзА