“Ўзсувтаъминот” АЖ: ҳамкорлик самаралари
Миллий матбуот марказида “Сув ҳисоблагичларни даврий қиёсловдан ўтказишдаги муаммо ва ечимлар” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Тадбирда “Ўзсувтаъминот” АЖ ва Ўзбекистон миллий метрология институти масъул ходимлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блогерлар иштирок этди.
Сўнгги йилларда ичимлик суви истеъмолчиларига хизмат кўрсатиш сифатини янада ошириш, уларга қўшимча қулайликлар яратиш, шу жумладан, сув ҳисоблагичларни даврий қиёслашдан ўтказиш тартибини соддалаштириш, бу борада юзага келаётган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш бўйича бир қатор амалий ишлар амалга оширилди. Хусусан, Ўзбекистон миллий метрология институти томонидан сув ҳисоблагични қиёслашдан ўтказиш хизмати бўйича ишлаб чиқилган metrologiya.nim.uz электрон интернет дастури орқали таъминотчи корхоналар билан идоралараро маълумот алмашиш йўлга қўйилди.
Мазкур дастурда ҳисоблагичларни қиёслаш учун онлайн аризалар, ўлчаш воситасининг қиёслаш сертификати ёки гувоҳномаси ва ўлчаш воситаси фойдаланишга яроқсизлиги ҳақида хабарномалар каби ҳужжатларнинг электрон шакли яратилиб, уларнинг базаси ташкил этилган. Натижада, электрон ҳужжатлар яратиш учун маълумотлар базасига зарур маълумотларни киритиш жараёни 98 фоизга автоматлаштирилди. Таъминотчи корхона вакили ёки онлайн мурожаатчи томонидан электрон ҳужжат нусхасида кўрсатилган маълумотларнинг тўғрилигини текшириш учун metrologiya.nim.uz сайтига кириб, ягона интерактив давлат хизматларининг ариза рақамини киритиш ёки мобил қурилмаси ёрдамида ҳужжатда кўрсатилган QR-кодни сканер қилиш орқали маълумот олиш ва чоп этиш имконияти яратилган.
[gallery-8894]
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 21 августдаги 698-сонли қарори ижросини таъминлаш бўйича маиший ҳисоблагичларни қиёслаш лабораторияси ташкил этилган. 2019 йил 1 ноябрдан 2022 йил 21 сентябргача қиёслашдан ўтказилган сув ҳисоблагичлар сони 263 645 тани ташкил этмоқда. Матбуот анжуманида “ақлли” сув ҳисоблагичларни ўрнатиш бўйича амалга оширилаётган пилот лойиҳалар тўғрисида ҳам маълумот берилди.
– “Ақлли” сув ҳисоблагичларнинг асосий афзаллиги шундаки у сув сарфининг аниқ ҳисобини юритиш имконини беради, – дейди “Ўзсувтаъминот” АЖ бош метрологи Фарҳод Васиев. – Ҳозирда бир қанча пилот лойиҳалари доирасида жойларда “ақлли” сув ҳисоблагичлар ўрнатилмоқда. Масалан, Тошкент шаҳрининг Миробод туманида 43 та антенна ва 610 та сув ҳисоблагичларни ўрнатиш ҳамда биллинг тизимига улаш белгиланган бўлиб, ҳозирги кунда 18 та уйларда жами 500 та сув ҳисоблагичлари ўрнатилди.
“Ўзсувтаъминот” АЖ ҳамда Жанубий Корея давлатининг “K-water” ташкилоти билан имзоланган меморандумга асосан Тошкент шаҳрининг Миробод тумани, Қўйлиқ 2, 3 ва 4-мавзесида 7850 та сув ҳисоблагичлари ўрнатиш ҳамда биллинг тизимига улаш белгиланган бўлиб, ҳозирги кунда жами 1900 та сув ҳисоблагичлар ўрнатилди. Шу билан бирга, Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур туманидаги 40 та хонадонга жами 41 дона замонавий сув ҳисоблагичлар ўрнатилган. Бугунги кунда биллинг базасидаги мавжуд 4,3 миллиондан зиёд абонентларнинг 63 фоизи сув ҳисоблагичлари билан таъминланган.
Президентимизнинг жорий йил 24 майдаги “Аҳолининг ичимлик сув таъминоти ва оқова сув хизматлари билан таъминланганлик даражасини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарори ижроси доирасида “Ўзсувтаъминот” АЖ қошида совуқ ва иссиқ сувни ҳисобга олиш ускуналарини (ҳисоблагичларни) ечиш, қиёслашдан ўтказиш ҳамда ўрнатиш бўйича метрология хизмати ва унинг ҳудудий филиаллари ташкил этилган. Ҳозирда метрология хизматини ва унинг ҳудудий филиалларини аккредитациядан ўтказиш жараёни кетмоқда.
Тадбир якунида журналистларнинг саволларига соҳа мутахассислари томонидан батафсил жавоб берилди.
Нилуфар Бозорова, Носир Ҳайдаров (сурат) ЎзА