“Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси бўйича нечта инвестиция лойиҳаси ишга туширилади?
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ўтказилган брифингда 2022 йилда қурилиш материаллари соҳасида амалга ошириладиган ишлар режаси хусусида сўз борди.
“Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси Ахборот хизмати раҳбари Жамшид Шерметовнинг таъкидлашича, 2021 йилда 24,2 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган. Жумладан, йил якуни бўйича 28 миллион квадрат метр қурилиш ойнаси, 15,4 миллион тонна цемент, 22 миллион квадрат метр керамик плитка, 2,6 миллион ўрам гулқоғоз, 68 миллион квадрат метр гипсокартон ишлаб чиқарилиши таъминланган. Соҳа бўйича 400 миллион долларлик экспорт амалга оширилган. Маҳаллийлаштириш дастурига кўра, 1,2 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган.
– Жорий 2022 йилда қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ҳажмини соҳа бўйича 27,6 триллион сўмга, шу жумладан, уюшма бўйича 10,5 триллион сўмга етказиш ва 110 фоиз ўсишни таъминлаш режалаштирилган. Жумладан, жорий йилда 17,6 миллион тонна цемент, 32 миллион квадрат метр қурилиш ойнаси, 24 миллион квадрат метр керамик плитка, 73 миллион квадрат метр гипсокартон, 3 миллион ўрам гулқоғоз каби маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. Маҳаллийлаштириш дастури доирасида 2022 йилда умумий қиймати 950 миллиард сўмлик 17 та лойиҳа бўйича қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ва шунинг ҳисобига импорт ҳажмини 86 миллион долларга қисқартириш режалаштирилган.
Хусусан, 207,6 миллиард сўмлик керамик плитка ва керамогранит, 208 миллиард сўмлик безакли ва флоат-ойна, 93,4 миллиард сўмлик гулқоғоз, 60 миллиард сўмлик газобетон блоклари, 15,6 миллиард сўмлик санитар-техник буюмлар ва шу каби бошқа турдаги қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни таъминлаш кўзда тутилмоқда. Шунингдек, импорт ҳажмини ўтган йилга нисбатан 20 фоизга ёки 200 миллион долларга пасайтириш мақсад қилинган.
Муҳими, 2022 йилда инвестиция йўналиши бўйича ҳам изчил ишлар амалга оширилади. Хусусан, тармоқ бўйича жами 1 миллиард 400 миллион долларлик, шу жумладан, 1 миллиард 160 миллион долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни ўзлаштириш режалаштирилмоқда. Шундан уюшма бўйича Инвестиция дастурига асосан 369,4 миллион долларлик 12 та лойиҳани ишга тушириш ва 1 минг 35 та янги иш ўрни ташкил этиш кўзда тутилган. Натижада 1,8 миллион тонна цемент клинкери, 29 миллион квадрат метр керамик плитка, 1,1 миллион тонна цемент, 850 минг куб метр газобетон блоклари, 300 минг квадрат метр мармар композит плиталар, 3,5 минг тонна бурама михлар, 50 минг тонна темир-бетон буюмлари ва асфальт, 2,8 миллион квадрат метр керамик плитка ва фризлар ишлаб чиқариш бўйича қувватлар яратилади.
Жумладан, “Қизилқумцемент” АЖда цемент клинкери, “Каракалпакцемент” МЧЖда цемент, "Акфа Буилдинг Материалс" МЧЖ ва "Евразия Газ Бетон" МЧЖларда газобетон блоклари, "Райч Рав" МЧЖда керамик плитка ва фризлар, "Чирчиқ Асфальт Бетон Сервис" МЧЖда темир-бетон ва асфальт, "Газган Марбле Групп" МЧЖда мармар жинсларидан композит материаллар ишлаб чиқариш каби лойиҳалар ишга туширилади.
Шу билан бирга, 2022 йилда 600 миллион долларлик, жумладан, 461 минг тонна цемент, 80 миллион долларлик ПВХ профил, труба ва пластмасса маҳсулотлар, 30 миллион долларлик қуруқ қурилиш қоришмалари ва цемент маҳсулотлари, 15 миллион долларлик қурилиш хизматлари ва бошқа турдаги қурилиш материаллари экспорти амалга оширилади, – деди Ж.Шерметов.
ЎзА мухбири
Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА
ёзиб олди.