ЎзПФЛ 19-тур якунларига оид статистикани эълон қилди
Ўзбекистон Суперлигаси 19-турининг ҳайратланарли кўрсаткичлари эълон қилинди.
Ўзбекистон Суперлигасининг 19-тур учрашувлари якунлангач, Ўзбекистон профессионал футбол лигаси (ЎзПФЛ) тур доирасида қайд этилган турли статистик кўрсаткичларни эълон қилди.
Унга кўра, 19-турда энг кўп зарба берган футболчилар орасида «Навбаҳор» ва «Нефтчи» вакиллари етакчилик қилди. Жасур Жалолиддинов 8 та зарба билан турнинг бу борадаги энг яхши кўрсаткичини қайд этди. Нурмуҳаммад Абдуғаниев, Асадбек Собиржонов, Зоран Марушич ва Алишер Одилов ҳисобида эса 5 тадан зарба мавжуд.
Жамоалар кесимида энг кўп зарба йўллаган клуб «Нефтчи» бўлди — 34 та. «Навбаҳор» 25 та зарба билан иккинчи, ОКМК 18 та, «Андижон» эса 17 та зарба билан кейинги ўринларни эгаллади.
Тўп назорати бўйича ОКМК футболчилари энг яхши натижани қайд этди. Олмалиқликлар 66 фоиз кўрсаткич билан турда пешқадам бўлди. «Андижон» 63 фоиз, «Нефтчи» 56 фоиз, «Насаф» ва «Навбаҳор» жамоалари эса 55 фоиздан тўп назоратига эга бўлди.
19-турнинг энг яхши ёш футболчиси сифатида «Динамо» вакили Фирдавс Абдураҳмонов эътироф этилди.
Тур учрашувларига мухлисларнинг ташрифи бўйича ҳам қизиқарли рақамлар қайд этилди. Энг кўп ишқибоз «Нефтчи» — «Сўғдиёна» учрашувини кузатди. Истиқлол стадионидаги баҳсга 13 минг 535 нафар мухлис ташриф буюрди.

«Динамо» — «Пахтакор» учрашувини 12 минг 620 нафар, «Андижон» — «Пахтакор» баҳсини 6 минг 883 нафар ишқибоз стадиондан кузатган.
Шунингдек, «Қизилқум» — «Насаф» учрашувига 5 минг 274 нафар, «Қўқон-1912» — «Бухоро» баҳсига 3 минг 900 нафар, «Локомотив» — «Бунёдкор» ўйинига 3 минг 205 нафар, «Сурхон» — ОКМК учрашувига 2 минг 71 нафар ҳамда «Шўртан» — «Навбаҳор» баҳсига 475 нафар мухлис ташриф буюрди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА