Озод бўлмасанг яшаш қийин экан
Болаликда ким бўлишни орзу қилгансиз, деган саволимга суҳбатдошим “Орзу... Бунга вақтим ҳам, ҳолим ҳам бўлмаган.
Орзуларга берилиш, унга интилиш учун ҳам озгина шароит бўлиши керак...”, деган жавобни берди.
Суҳбат асносида билдимки, тирикчилик ташвиши болаларнинг мурғак орзуларига ҳам чанг солган.
Кумушбиби тўртинчи синфда ўқиётганида дадаси вафот этган. Уй бекаси бўлган онаси бир этак вояга етмаган болалари билан боши берк кўчага кириб қолган.
Яшаш учун курашиш болаларни меҳнатга кўмди. Қишлоқда бошқа иш бўлмагани сабабли деҳқончиликка зўр беришди. Аммо иш оғир, даромад эса кам эди.
Оғир турмуш шароитидан қийналган қиз турмушга чиқсам, ҳаммаси изга тушиб кетади, деб умид қилди. Аммо турмуш ўртоғи касаликка чалиниб, вафот этди.
Тақдирнинг бешафқатлигидан чарчаган қизнинг ҳамма нарсадан кўнгли қолди. Менга энди барибир, деган фикр билан яшай бошлаган Кумушбиби тирикчилик учун дуч келган ишни бажарар, ҳатто бир сафар наркокурьерлик таклифини ҳам қабул қилди. Аммо...
2019 йилда Самарқанд вилояти Ургут туманида бўлиб ўтган судда Кумушбибига 6 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси берилди.
Ҳатто осмонни бемалол кўриш мумкин бўлмаган панжарали тўрт девор ичида Кумушбибининг кўзи очилди. Ҳаёт, эркин яшаш аслида катта неъмат эканлигини англади.
– Озод бўлмасанг яшаш қийин эканини ундан айрилгач билдим, – дейди Кумушбиби. – Турмуш ташвиши, қийинчиликлар инсоннинг озодлиги олдида ҳеч нарса эмас экан. Ҳалол меҳнат қилиб курашишим кераклигини жуда кеч тушундим. Қамалганимда мен учун ҳаёт тугади, деб ўйлагандим. Аммо қамоқхонада ўзим каби адашган бир қиз билан дўстлашдим. Биз Ситора билан бирга зулматдан нурга талпинамиз, ҳаётда ўз йўлимизни топамиз, деб аҳдлашдик. Яратгандан ҳам бир кунда озод бўлишни сўраб дуо қилардик.
Халқимиз яхши ният – ярим мол, деб бежиз айтмайди. Бу икки қиз қамоқхонадан бир кунда чиқди.
Бунга давлатимиз раҳбарининг Ватанимиз мустақиллигининг ўттиз йиллиги муносабати билан “Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги фармони сабаб бўлди.
Фармонга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 93-моддаси 23-бандига асосан содир этган жинояти учун жазо муддатини ўтаётган ҳамда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 215 нафар шахс афв этилди.
Афв этилган шахсларнинг 3 нафари асосий жазодан озод этилди, 127 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди, 12 нафарининг озодликдан маҳрум этиш жазоси енгилроқ жазо билан алмаштирилди. Шунингдек, 73 нафар шахсга тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилди.
Афв этилганларнинг 14 нафарини аёллар, 12 нафарини 60 ёшдан ошган эркак, 69 нафарини чет давлат фуқаролари, 15 нафарини тақиқланган ташкилотлар иштирокчилари ташкил этди.
Юксак инсонпарварлик акти ҳисобланган афвдан баҳраманд бўлган Кумушбиби жазодан тўлиқ озод бўлиб, она уйига қайтди. Ситора гарчи озод этилмаган бўлса ҳам ўтаётган жазоси енгилроғига алмаштирилди. Яъни, у айни пайтда нисбатан эркин бўлган муассасада ва дўсти билан телефон орқали тез-тез мулоқот қилиш имконига эга.
Кумушбиби ўзига берилган озодликни ҳаётидаги энг катта имкон, деб қабул қилди. У бундан унумли фойдаланиб, нафақат ўзи, оиласи, балки элу юртга фойда келтирадиган ишлар қилиш ниятида. Бунинг учун у уйида тикувчилик цехи очиш ишларини бошлаб юборди.
Норгул Абдураимова, ЎзА