ЎзМТДПнинг VI Пленуми бўлиб ўтди
Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий кенгашининг VI Пленуми бўлиб ўтди.
Пленумда дастлаб партия ҳамда партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциясининг 2021 йил биринчи ярим йилликдаги фаолияти натижалари муҳокама қилинди. Қайд этилганидек, ушбу даврида партиянинг 2020-2024 йилларга мўлжалланган Сайловолди дастурининг 52 та банди ижроси таъминланди.
Ўтган вақт ичида депутатлар ташаббуси билан “Темир дафтар”га 900 нафар, “Аёллар дафтари”га 1484 нафар, “Ёшлар дафтари”га эса 1683 нафар фуқаро киритилди. Шу ўринда “Темир дафтар”даги 1896 нафар, “Аёллар дафтари”даги 3007 нафар, “Ёшлар дафтари”даги 2764 нафар фуқарога амалий ёрдам кўрсатилди.

Ҳудудларда фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, жойларда ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ўрганиш ва ҳал этиш юзасидан 240 та масала-таклифлар маҳаллий Кенгаш сессияларига киритилди. Доимий комиссиялар йиғилишига эса 567 та таклиф берилди. 842 нафар мансабдор шахснинг эшитуви амалга оширилди. Тегишли ташкилот ва мутасаддиларга 4 минг 137 та депутатлик сўрови юборилди.
Партия фракцияси томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида 5 та қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, Қонунчилик палатаси муҳокамасига киритилди. Муҳим ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга эга 15 та қонун лойиҳаси жойларда фуқаролар билан кенг муҳокама қилинди. ЎзМТДП фракция ташаббуси билан Транспорт вазири, Халқ таълими вазири ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирларининг “Ҳукумат соати” доирасидаги ҳисоботлари эшитилди.
Партия Марказий кенгаши Ижроия қўмитасининг шу йил 25 июндаги йиғилишида партиянинг амалдаги рамзи (логотип)ни қайта кўриб чиқиш, уни замонавийлаштиришга келишилиб, бу бўйича тегишли қарор қабул қилинган эди. Шундан сўнг партия логотипи лойиҳаси ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама учун эълон қилинди. Бир ҳафта давомида янги логотип ҳақида жамоатчилик фикри, таклифлари жамланди.

Пленумда билдирилган фикр-мулоҳазалар асосида Марказий кенгаш аъзоларига овоз бериш учун энг кўп жамоатчилик эътиборига лойиқ бўлган партиянинг янги рамзи тақдим қилинди. Партия Марказий кенгаши раиси Алишер Қодиров янги рамз ҳақида фикр билдирар экан, унда ярим ой, ер курраси ва афсонавий семурғ қуши акс эттирилгани, бунда ярим ой, яшил ранг унумдор заминимиз билан биргаликда муқаддас қадриятларимизга ишора, мовий рангдаги ер курраси эса халқимизнинг ҳалол ва пок руҳияти нишонаси эканини таъкидлади.
– Семурғ қуши Алишер Навоийнинг “Лисон ут-тайр” асаридан олинган афсонавий қуш бўлиб, у фаровонлик ва саодат рамзидир. Ушбу рамз асарда келтирилганидек, гарчи фаровонлик ва саодатга фикр ва ғоялар турлича бўлса ҳам ягона мақсад йўлида бирлаша оладиганлар эришишига ишорадир. Партия рамзи баракали Ўзбекистон заминида аждодлардан мерос қадриятларга таяниб, ҳалол ва бағрикенг халқимизни ягона мақсад йўлида бирлаштириш мақсадини ифода этади, – деди партия етакчиси.
Пленумда узоқ давом этган баҳс-мунозаралардан кейин янги рамз тасдиқланди ва амалдаги қонунчиликка асосан Адлия вазирлигидан рўйхатдан ўтказилиши маълум қилинди.
Маълумки, мамлакатимизда шу кунларда муҳим сиёсий тадбир – Ўзбекистон Республикаси Президентлик сайловига қизғин тайёргарлик кўрилмоқда. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси мамлакатимиздаги етакчи сиёсий кучлардан бири сифатида бўлажак сайловга катта тайёргарлик кўряпти. Барча чора-тадбирлар 2019 йилдаги сайловда орттирилган тажриба ва хулосалар асосида ишлаб чиқилган бўлиб, сайлов муносабати билан тайёрланган “Медиа режа”ни амалга ошириш мақсадида бир нечта ПР кампаниялар билан ҳамкорлик йўлга қўйилди.
Пленумда, шунингдек, Марказий кенгаши раиси ўринбосари Баҳодир Маматхоновнинг партия томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштироки бўйича амалга оширилган ишлар ҳисоботи эшитилди ва бу бўйича чора-тадбирлар режаси тасдиқланди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА