“Ўзмиллийбанк”АЖ: театр-маънавият маскани
Ҳафтанинг қанчалик самарали ва унумдор ўтишини таъминлашда дам олиш кунларини нечоғлик мазмунли ўтказиш муҳим аҳамиятга эга. Шу боис ходимларнинг касбий фаолиятидаги ижобий кўрсаткичларини янада ошириш ва бўш вақтини мазмунли ўтказишни таъминлаш мақсадида “Ўзмиллийбанк”АЖ жамоаси пойтахтимиз театрларида янги премьералар ва спектакллар намойишларида бўлишди. Ўтган ҳафтада Банк ходимлари Ўзбекистон давлат мусиқали комедия (оперетта) театрида Aлександр Беляевнинг “Человек Амфибия” фантастик романи асосида яратилган «Aмфибия одам» номли фантастик саргузашт мусиқий асарининг премьерасини томоша қилишди.
Сув остида нафас оладиган йигит Ихтиандр гўзал Гуттиерага ошиқ бўлади. Уларнинг ғаройиб севги ҳикояси кутилмаган синовлар ҳамда қаршиликларга дуч келади. Чунки одамлар дунёсида қаҳрамон йигит Ихтиандр тушунмайдиган ва тан олмайдиган бошқа қонунлар мавжуд... Улар бошқаларга ўхшамайдиган бу йигитга бахт ва ҳаёт ҳуқуқини ўзига хос тарзда тақдим этади. Аммо бош қаҳрамон бу тортиқни қандай баҳолаши намойиш якунида томошабинда улкан тассурот ва жавобсиз саволларни пайдо қилади.
Асар мусиқали чиқишлар орқали томошабинни янада қаҳрамонлар ҳиссиётларини чуқурроқ англашга ёрдам беради ва спектакл жозибасини янада оширади. Мусиқани замонавий бастакор Йегор Шашин, либретто муаллифи Наталя Кузминих ёзган.
Георгий Исаакян режиссёрлигида саҳналаштирилган мазкур спектакл инсоннинг яшашдан мақсади, атрофдаги инсонларнинг бахт ва вақт ҳақидаги қарашлари, шунингдек, ҳаётда муҳаббат аталмиш неъматнинг нақадар буюк неъматлигини англашга ёрдам беради. Қолаверса, ижтимоий муносабатларнинг киши ҳаётига таъсири хусусида мушоҳада қилишга ундайди.
Хулоса қилиб айтганда, ушбу спектакл “Ўзмиллийбанк”АЖ ходимлари ҳафтанинг дам олиш кунларини мазмунли ва эсда қоларли ўтишини таъминлашга хизмат қилди.
“Ўзмиллийбанк” АЖ
Матбуот хизмати