Ўзмиллийбанк: халқаро ҳамкорлик самаралари
Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки «ВЭБ.РФ» Давлат тараққиёт корпорацияси ва «Росэксимбанк» АЖ билан 4,8 миллиард Россия рубли миқдорида кредит линиясини жалб қилиш бўйича шартномалар имзолади.
Москва шаҳрида жорий йилинг 25 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки делегациясининг «ВЭБ.РФ» Давлат тараққиёт корпорацияси ва «Росэксимбанк» АЖ раҳбарияти билан амалий учрашуви бўлиб ўтди.
Унда икки томонлама банклараро ҳамкорлик ва ШҲТ Банклараро бирлашмаси доирасидаги жорий йилдаги ҳамкорлик якунлари сарҳисоб қилинди, янги 2021 йилдаги истиқболли лойиҳаларни молиялаштириш режалари ва имкониятлар муҳокама қилинди.
ВЭБ.РФ Россия Саноат ва савдо вазирлигининг дастури доирасида имтиёзли субсидияланган молиялаштиришни таъминлаб, Россиянинг юқори технологияли ускуналарини мамлакатимизга етказиб беришни молиялаштириш билан боғлиқ қатор инвестиция лойиҳаларни амалга ошириш доирасида Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкининг стратегик шериги ҳисобланади. Банкнинг Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантиришдаги фаол иштироки ўзининг ижобий натижаларини бермоқда.

«ВЭБ.РФ» Давлат тараққиёт корпорацияси ва «Росэксимбанк» АЖ раҳбарияти билан субсидияли имтиёзли фоиз ставкасини ҳисобга олган ҳолда, қиймати 4,8 миллиард рублга тенг кредит линиясини очиш тўғрисида имзоланган келишувлар ушбу учрашув натижаси бўлди.
Жалб қилинадиган кредит линиялари доирасида Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси, Тошкент шаҳар ва республикамизнинг 12 та шаҳарлари ҳокимлиги эҳтиёжлари учун 581 дона замонавий махсус йўл техникасини харид қилиш бўйича лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилган.
Ҳозирги кунда Ўзбекистонда шаҳарсозлик, транспорт инфратузилмасини ривожлантириш, шаҳар коммуникациялари сифати ва йўл тизимининг тегишли ҳолатини яхшилаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Йўл махсус техникасини янгилаш орқали ушбу кредит линиясини самарали ўзлаштириш республикамиз пойтахти ва унинг марказий ҳудудларини ободонлаштириш тадбирларини амалга ошириш имконини беради.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ва «Росэксимбанк» АЖ ўртасида илк маротаба шартнома имзоланиши, асосий вазифаси Россия Федерациясидаги корхоналарнинг экспорт операцияларига кўмаклашиш бўлган мазкур давлат институти билан ҳамкорликни фаоллаштиришнинг муҳим босқичи бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкининг «ВЭБ.РФ» Давлат тараққиёт корпорацияси ва «Росэксимбанк» АЖ билан самарали ҳамкорлиги республикамиз банк тизимининг янги кредит линияларини ривожлантириш ва сифатли хизматлар кўрсатиш имкониятларини кенгайтириш бўйича олиб борилган курснинг самарали давомидир.
Россия молия инстиитутларининг рублдаги кредит линияларининг жалб қилиниши ШҲТ Банклараро бирлашмасига аъзо банкларнинг ШҲТ ҳудудида миллий валюталардан фойдаланишни кенгайтириш масаласига Ҳамкорликдаги ёндашувлар бўйича келишувларни амалий бажарилиши ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ва ВЭБ.РФ ҳамкорлигида қатор инвестиция лойиҳалари амалга оширилди, хусусан, бугунги кунда гидроэнергетика, иссиқлик энергетикаси, транспорт ва шаҳар инфратузилмасини ривожлантириш каби соҳаларда 275 миллион АҚШ доллари эквивалентига тенг 6 та кредит шартномаси имзоланди.
Маълумот учун: ВЭБ.РФ – давлат ижтимоий-иқтисодий сиёсатини амалга оширувчи миллий банк. Тижорат банклари билан ҳамкорликда инфратузилмани ривожлантириш, саноат, ижтимоий соҳа, технологик салоҳиятни мустаҳкамлашга йўналтирилган кенг кўламли лойиҳаларни молиялаштириш билан шуғулланади.
Росэксимбанк – ихтисослашган давлат банки бўлиб, унинг асосий мақсади Россиядаги экспортчи компанияларнинг молия ресурслардан фойдаланишини таъминлаш ҳамда Россиянинг хомашёли бўлмаган экспортининг ривожланишига кўмаклашишдир. Банк РФ Ҳукумати агенти сифатида Россия экспортини кафолатли қўллаб-қувватлаш соҳасида давлат сиёсатини юритиш, экспортчиларга уларнинг саноат маҳсулоти бозорга олиб киришга кўмаклашиш ва уларнинг узоқ муддатли кредитлардан фойдаланишини тақдим этиш учун жавоб беради.
Банк матбуот хизмати
Реклама ҳуқуқи асосида