“Ўзмиллийбанк” АЖ: коррупциясиз соҳа
“Ўзмиллийбанк” акциядорлик жамияти Сурхондарё вилояти бош бошқармасида 9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни муносабати билан ташкил этилган “Аксилкоррупция ойлиги” доирасида “Очиқ эшиклар куни” тадбири ўтказилди.
“Коррупция – ривожланишимизга тўсиқ” мавзуига бағишланган тадбирда дастлаб “Ўзмиллийбанк” АЖ ахборот ва банк хавфсизлиги департаменти бош мутахассиси Исмат Гадоев, ички назорат департаменти қоидабузарликларни текшириш, банкка етказилган зарар қопланишини мониторинг қилиш бўлими бошлиғи Комилжон Ходжаев банк фаолияти очиқлигини таъминлаш, коррупцион хатарларнинг олдини олиш ва бартараф этиш, соҳада коррупцияга қарши курашишнинг замонавий тизимларини жорий этиш, “Коррупциясиз соҳа” лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида атрофлича маълумот берди.

Таъкидландики, “Ўзмиллийбанк” АЖ шу йил сентябрь ойида ICO 37001-2016 коррупцияга қарши курашиш менежменти тизимининг халқаро мувофиқлик сертификатига эга бўлди. Мамлакатимиздаги энг йирик молия муассасаларидан бири бўлган мазкур банкда халқаро стандартлар асосида фаолият юритувчи коррупцияга қарши курашиш тизимини жорий этиш учун қатор чора-тадбирлар амалга оширилди. Шунингдек, коррупцияга олиб келиши мумкин бўлган таҳдид ва хавф-хатарлар баҳоланиб, уларни камайтириш юзасидан тегишли тадбирлар белгилаб олинди.
Халқаро Стандартлаштириш ташкилотининг мазкур сертификатига эга бўлиш банкнинг очиқ ва шаффофлигини янада оширишга, ахлоқий хулқ-атвор ҳамда масъулиятнинг юқори стандартларига содиқлигини намойиш этишга, коррупцияга қарши курашишнинг самарали воситалари билан таъминланишига хизмат қилади. Ҳалоллик ва масъулият тамойилларини қўллаб-қувватлаш орқали банк фаолиятида коррупцияга қарши бошқарув тизимини ишлаб чиқиб, жорий этиш, таҳлил қилиш ва такомиллаштиришнинг самарали йўлларини белгилаб беради.

Тадбирда Термиз шаҳар прокуратураси ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар масъул ходимлари иштирок этиб, коррупцияга қарши курашиш, жамиятда бу иллатга қарши муросасиз муносабатни шакллантириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўз юритди. Молия-иқтисодиёт соҳасида коррупция ҳолатларининг юзага келиш сабаб ва оқибатлари шарҳлаб берилди.
– Банкимизда “Коррупциясиз соҳа” лойиҳасини амалга ошириш бўйича йўл харитаси тасдиқланган ва унда белгиланган чора-тадбирлар ўз вақтида бажариб келинмоқда, – дейди “Ўзмиллийбанк” акциядорлик жамияти Сурхондарё вилоят бош бошқармаси хавфсизлик режими ва ахборот ҳимоялаш бўлимининг комплеанс назорат ва коррупцияга қарши курашиш бўйича бош мутахассиси Бурхон Ҳакимов. – Бу жараёнда ходимларнинг коррупцияга, унинг ҳар қандай кўринишларига нисбатан муросасиз муносабатини шакллантириш, коррупцияга шароит яратадиган омилларни бартараф этиш ва манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик чоралари кўрилмоқда. Барча ходимлар, жумладан, янги ишга қабул қилинаётганлар коррупцияга қарши курашиш йўналиши бўйича автоматлаштирилган SAP (Success Factors Learning Management System) тизим орқали ўқитилиб, малакаси оширилаётир. Маънавият-маърифат соатларида ҳам ходимларга тегишли тушунча берилади. Банк операцияларини электрон тизим орқали инсон омили аралашмаган ҳолда амалга ошириш жорий этилган. Мижозларимиз учун ташкил этилган “Ишонч телефонлари” орқали улар хизматлар сифати, ходимларнинг муомалаю муносабати юзасидан мурожаат қилишларига қулай имконият яратилган.
Тадбирда банк тизимида коррупциянинг олдини олиш чораларини кўриш, уни келтириб чиқариши мумкин бўлган сабаб ва шарт-шароитларни аниқлаш ҳамда бартараф этиш, коррупцияга қарши муросасиз муҳитни шакллантириш юзасидан фикр алмашилди. Банк масъуллари ва ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари ходимларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб берди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири