OʼzLiDePнинг уч тадбири бир кунда ўтказилди
Навоий шаҳрида OʼzLiDePнинг биратўла уч тадбири бўлиб ўтди.
Тадбиркорлар ва Ишбилармонлар ҳаракати Ўзбекистон Либерал-Демократик партияси махсус иқтисодий зоналар фаолияти самарадорлигини ошириш, уларнинг имтиёзларни қўллашдаги муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш мақсадида вилоятлар бўйлаб бир қанча тадбирларни амалга оширмоқда.
Навоий шаҳрида OʼzLiDePнинг биратўла уч тадбири бўлиб ўтди.
Куннинг биринчи ярмида OʼzLiDeP Навоий вилояти Кенгаши томонидан тадбиркорлик субъектлари ҳамда республикада биринчилардан бўлиб Навоий вилоятида ташкил этилган эркин иқтисодий индустриал зона бўйлаб PRESS TUR ташкил этилди.
OʼzLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия Қўмитаси вакиллари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда Халқ депутатлари маҳаллий Кенгаш депутатлари, Ёшлар Парламенти аъзолари ҳамда тадбиркорлардан иборат гуруҳ дастлаб Навоий шаҳрида яқин кунларда фаолият бошлаган «Корхоналарни Соғломлаштириш ва Хусусийлаштириш Клиникаси»да бўлиб , бу ердаги шарт-шароитлар, мижозларга хизмат кўрсатувчи мутахассисларнинг билим ва кўникмалари юзасидан текширувлар ўтказди.
Сўнгра Кармана туманида жойлашган кичик тадбиркорлик субъекти—полиетилен қувурлар ишлаб чиқарувчи «ОЗОД ПЛАСТ» МЧЖ фаолияти ўрганилди. МЧЖ раҳбари Манзура Каримова билан суҳбатлашилиб, корхона фаолиятини кенгайтириш юзасидан тажрибали тадбиркорлар томонидан йўналишлар берилди.

Шунингдек, PRESS TUR иштирокчилари йилига ўртача 15 минг тонна 14 турдаги бентонит гил кукуни ишлаб чиқараётган “BENTONITE” МЧЖ да ҳам бўлиб, у ерда амалга оширилаётган ишлар ва инновацион лойиҳалар билан танишди. Айниқса, ёқилғи мойини ўзимизда ишлаб чиқарилаётган бентонит гил кукунидан фойдаланган ҳолда қайта тозалаш мумкинлиги ва бу 18 миллион сўмлик харажатни 5 миллионга қисқартишига оид лойиҳа кўпчиликни қизиқтириб қўйди.


PRESS TUR кун тартибига кўра навбатдаги йўналиш Навоий эркин иқтисодий зонасида фаолият олиб бораётган “TELEKOM INNAVATIONS”, “TELEKOM DEVICES PRO”, “SHURTAN Navoi PLast” корхоналари бўлди., Электротехник маҳсулотлар, телекоммуникацион ускуналар ва полиетилен қувурлар ишлаб чиқараётган ва бу соҳаларда янги лойиҳаларни тақдим этаётган ушбу корхоналардаги иш жараёни, яратилаётган иш ўринлари, тақдим этилаётган лойиҳаларнинг самарадорлиги юзасидан суҳбатлар олиб борилди.
Айниқса, “TELEKOM INNAVATIONS” қўшма корхонаси тақдим этаётган янги лойиҳа— оптик толалар етиб бормайдиган ҳудудларга интернетни ҳаво орқали етказиш, 20 км.лик қишлоқни олдингидай 80-100 миллионга эмас, бор йўғи 10 миллион сўм билангина интернетлаштириш, шунингдек, “TELEKOM DEVICES PRO” МЧЖ томонидан «Ўзбекистон» миллий смартфонларининг сотувга чиқарилаётгани ёшларни таажжублантирмай қолмади.
Куннинг иккинчи ярмида эса Навоий шаҳридаги Ёшлар маркази биносида «Махсус иқтисодий зоналар фаолияти самарадорлигини ошириш, уларни хусусийлаштириш истиқболлари, имтиёзларни қўллашдаги муаммолар ва ечимлар» мавзусида “OʼzLiDeP PRESS KLUB”ининг 9-сони бўлиб ўтди.
Мазкур тадбирда Навоий ЭИИЗни ташкил этиш баробарида 91 та лойиҳа амалга оширилгани ва бу махсус иқтисодий зоналар ташкил этилиши қанчалик муҳимлигини белгилаб бергани эътироф этилди.
Шундан сўнг Навоий шаҳридаги Ёшлар хиёбони марказий майдонида OʼzLiDePнинг 17 йиллиги муносабати билан кўнгилочар мусиқий дастур намойиш этилди.
OʼzLiDeP Сиёсий Кенгаш Ижроия қўмитаси вакили Б.Руҳиддинов вилоят аҳлини байрам билан табриклаб, вилоят миқёсида партиянинг ғоя ва мақсадларини кенг аҳоли орасида тарғиб этиб, лойиҳа ва танловларда фаол иштирок этган партия фаолларига ташаккурнома ва эсдалик совғаларини топширди
«Аёллар қаноти» фаоли, «Ишбилармон аёл-2020» кўрик-танлови Республика босқичининг энг ёш иштирокчиси, «Чингизхон Мерей» МЧЖ раҳбари, Мерей Аманбаева эса тадбиркорлик ва партия ҳаётига доир қизиқарли савол-жавоблар ташкил этиб, бу орқали йиғилганларда тадбиркорликка қизиқиш уйғотди.
OʼzLiDeP Навоий вилояти Кенгаши матбуот хизмати