Озиқ-овқат хавфсизлиги — глобал ва миллий таҳдидлар қаршисида
Ҳар йили 29 сентябрь дунё миқёсида Халқаро озиқ-овқат маҳсулотларини исроф қилиш ва увол қилиш тўғрисида хабардорлик куни сифатида нишонланади. Бу сана инсоният олдида турган энг жиддий глобал муаммолардан бири — бир томонда миллиардлаб тонна егуликлар ахлатга ташланаётгани, бошқа томонда эса миллионлаб инсонлар очлик ва сурункали тўйиб овқатланмасликдан азият чекаётганини яққол кўрсатиб туради.
Хўш, озиқ-овқат хавфсизлиги ўзи нима? Халқаро миқёсда эътироф этилган таърифга кўра, озиқ-овқат хавфсизлиги барча инсонларнинг ўз ҳаёти ва соғлом фаолиятини таъминлаш учун доиравий равишда жисмоний, ижтимоий ва иқтисодий жиҳатдан хавфсиз, тўйимли ҳамда етарли миқдордаги озиқ-овқат маҳсулотларидан фойдаланиш имкониятига эга бўлишидир. Бу тушунча фақатгина егуликларнинг мўл-кўл бўлишини эмас, балки уларнинг хавфсизлиги, сифати, инсон соғлиғига зарар етказмаслиги ҳамда барча қатламлар учун имкониятлар тенглигини ҳам ўз ичига олади.
Иқлим ўзгаришлари, сув ресурсларининг танқислиги, логистика занжирларининг узилиши ва глобал можаролар сабабли озиқ-овқат хавфсизлигини кафолатлаш мураккаблашиб бормоқда. БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO) маълумотларига кўра, жаҳон бўйлаб ишлаб чиқарилаётган барча озиқ-овқат маҳсулотларининг қарийб учдан бири, яъни ҳар йили 1 миллиард тоннадан ортиқ яроқли егулик истеъмолга етмасдан исроф бўлмоқда. Ушбу исрофгарчилик глобал миқёсда иссиқхона газлари чиқиндиларининг 8–10 фоизини келтириб чиқариб, иқлим ўзгаришларини янада тезлаштирмоқда. Статистик таҳлилларга кўра, озиқ-овқат маҳсулотлари энг кўп исроф қилинадиган ҳудудларга Шимолий Америка ва Европа мамлакатлари, шунингдек, Шарқий ва Жануби-Шарқий Осиёнинг баъзи давлатлари киради. Бу ҳудудларда асосий исрофгарчилик истеъмолчилар маданияти, яъни харид қилинган маҳсулотларнинг муддати ўтиб кетиши ёки умумий овқатланиш шохобчаларида ортиқча тайёрланиши ҳисобига тўғри келади. Шу билан бирга, Жаҳон озиқ-овқат дастури маълумотларига кўра, ҳозирги кунда асосан Африка қитъасининг айрим минтақалари, Жанубий Осиё ҳамда можаролар ва табиий офатлардан жабр чекаётган қатор давлатларда одамлар кунлик оддий озиқ-овқатга ҳам зор. Ердаги ҳар ўнинчи инсон сурункали очлик шароитида яшаётган бир пайтда, егуликларнинг увол қилиниши катта гуманитар ва маънавий муаммо эканлигини кўрсатади.
Мазкур глобал муаммолар фонида Ўзбекистонда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, фитосанитария ва ветеринария соҳаларида ягона давлат бошқарувини йўлга қўйиш борасида муҳим институционал қадамлар ташланаётир. Хусусан, Президентимизнинг 2026 йил 12 майдаги «Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги, фитосанитария ва ветеринария соҳаларида ягона давлат бошқаруви ва назорат тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони ҳамда “Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу орада муҳим дастуруламал бўлиб хизмат қилмоқда. Ушбу қарорга мувофиқ, Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси ташкил этилди. Мазкур қўмита озиқ-овқат хавфсизлигининг ягона тизимини босқичма-босқич жорий қилиш, соҳадаги ислоҳотларни чуқурлаштириш ҳамда ташқи савдо операцияларида ветеринария ва фитосанитария назоратини мувофиқлаштириш учун масъул этиб белгиланди.
Шунингдек, соҳани рақамлаштириш мақсадида Рақамли технологиялар вазирлиги ва Божхона қўмитаси билан ҳамкорликда ягона автоматлаштирилган ахборот платформаси ишга туширилмоқда. Ушбу платформа сунъий интеллект технологияларидан фойдаланган ҳолда хавфларни бошқариш, хавфли озиқ-овқат маҳсулотлари тўғрисида аҳолига тезкор хабар бериш ҳамда маҳсулотларни қайтариб олишнинг электрон тизимини яратишни назарда тутади. Шу билан бирга, озиқ-овқат бизнеси операторлари, янги турдаги маҳсулотлар, озиқ-овқат қўшимчалари ва ветеринария дори воситаларини рўйхатга олиш жараёнлари тўлиқ рақамлаштирилиб, «Ягона дарча» божхона тизими билан интеграция қилинади.
Қишлоқ хўжалигида ресурслардан оқилона фойдаланиш, ишлаб чиқаришдан то истеъмолчига етказиб беришгача бўлган занжирда маҳсулотларнинг нобуд бўлишининг олдини олиш ҳамда жамиятда озиқ-овқатга ҳурмат билан қараш маданиятини юксалтириш мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини кафолатлашнинг муҳим пойдевори ҳисобланади. Унутмайлик, ҳар бир тежалган озиқ-овқат ресурсларидан оқилона фойдаланиш сайёрамизни асраш, исрофгарчиликка барҳам бериш ҳамда келажак авлодлар учун фаровон ҳаётни таъминлашга заминдир.
Моҳигул Қосимова, ЎзА