Озиқ-овқат маҳсулотлари нархи ошдими?
Ижтимоий тармоқларда озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг ошиши борасидаги хабарларни ўқиб, иккиланиб қоласан киши.
Нарх-наво билан боғлиқ миш-мишларга ойдинлик киритиш мақсадида пойтахтимиздаги деҳқон бозорларига бориб, сотувчи-ю харидорлар билан суҳбатлашдик. Ўзбегимнинг қозонини қайнатадиган озиқ-овқат маҳсулотлари нарх-наволарини ўргандик.
Дастлаб Бектемир туманида жойлашган Қўйлиқ деҳқон бозори ҳудудини айландик. Бу бозорга кўпроқ водийлик ҳамда Тошкент вилоятидаги туманларнинг деҳқонлари озиқ-овқат маҳсулотларини олиб келишади. Бозор ҳар галгидек одамлар билан гавжум. Картошка-пиёзлар, олмаю бананлар сотиладиган расталар бўйлаб айланар эканмиз, кузатувларимизни бошладик.
Картошканинг гала, пикассо, зара навлари 5 мингдан 5 минг 500гача, қизил ҳамда сариқ сабзилар 2 минг, пиёз катта-кичиклигига қараб 2 мингдан 2 минг 500 сўмгача, Олтиариқнинг серсув турплари 3 мингдан, Тўйтепадан келтирилган шолғомлар эса 4 минг, карамнинг 1 килограмм нархи 3 минг, қоқовнинг японча, мискат навли турларининг 1 килограми 3 минг, болажонлар мазза қилиб истеъмол қиладиган банан эса 19 минг сўмдан сотиляпти.

Дастурхонга ўзгача файз берадиган “Беш юлдуз” навли олмалар кўринишига қараб 4 минг сўмдан 7 минг сўмгача, водийдан келтирилган хурмолар 5 минг, “Ҳусайни” узум нави эса 7, анорнинг нархи 13 минг, ноклар ҳам кўринишига қараб 12 мингдан 20 минг сўмгача сотиляпти. Помидорнинг “Юсупов” навлиси 6 мингдан 10 минг сўмгача, бодринг ҳам шу нархда.
– Куз фасли бошланганидан буён бир кун ҳам қолдирмасдан бозорга чиқяпман, – дейди сотувчи Саодат Усмонова. – Нархлар ошганини сезганим йўқ. Аксинча, сабзининг нархи кундан-кунга тушиб кетяпти. Улгуржи бозордан 1 минг 500 сўмдан олиб, 1 минг 800 – 2 минг сўмгача сотяпмиз.
– Аммо ёғнинг нархи ҳеч тушмаяпди, шуни назорат қилишни иложи бормикан, дея суҳбатимизга қўшилди ўзини Каромат дея таништирган харидор аёл.

Харидорнинг эътирозларини ўрганиш мақсадида ёғ расталари томон ўтдик. Ёғ растасида 1 литр писта ёғи 18-20 минг, 1 литр пахта ёғи 20 минг сўм. Арзонлаштирилган маҳсулотлар ярмаркасида 1 литр писта ёғи 16 минг,1 литр пахта ёғи 13 минг 600 сўмдан сотилмоқда.
– Ўткан йили кучайтирилган карантин пайтида ёғнинг нархи бирдан кўтарилиб кетди, – дейди “Қўйлиқ деҳқон бозори” АЖ директори биринчи ўринбосари Дилмурод Жўраев.
– Бунинг сабабига тўхталадиган бўлсак, пандемия сабаб Россияда писта экиш деярли камайди. Шу боис Россия ҳукумати ўзининг халқига ёғ етказиб беришни ўйлаб, экспортни бир муддат тўхтатиб қўйди. Натижада ёғ нархи кўтарилди. Ёдингизда бўлса 1 литр писта ёғи 22 минг сўмга чиққанди. Ҳукуматимиз четдан келтириладиган озиқ-овқат маҳсулотларига қўйиладиган қўшимча тўловларни олиб ташлагач нарх-наволар бироз тушди. Насиб бўлса кейинги йилдан ёғнинг нархи анча тушади, деб ўйлайман.

Аҳолининг эҳтиёжини таъминлаш мақсадида бозоримизга ун, ёғ, шакар маҳсулотлари арзонлаштирилган нархларда етказиб бериляпти. Бўка тумани деҳқонлари билан 120 тонна картошкага шартнома тузганмиз. Арзонлаштирилган савдо расталарида картошкалар 3 минг 500 сўмдан сотиляпти. Захира омборимизда писта ёғи, ун, шакар каби масулотлар захира сифатида сақланмоқда. Кўпинча ижтимоий тармоқлардаги миш-мишлар сабаб бўлади-ю одамлар ваҳимага тушади. Натижада қайсидир маҳсулотга талаб кучаяди ва нархлар сунъий равишда оша бошлайди.
Қўйлиқ деҳқон бозоридан сўнг Шайхонтохур туманига қарашли “Эски жўва” (Чорсу) бозори томон йўл олдик. Бозор худудига кираверишдаги расталарда ўтирган сотувчилардан ўзимизни қизиқтирган маҳсулотларнинг нархини суриштирдик. Картошка ва шолғом 5 минг сўмдан, турп 4 минг , сабзи 3 минг, олма 6 минг сўмдан сотиляпти. Арзонлаштирилган савдо ярмаркасида 1 килограмм картошка 3 минг 500, сабзи 2 минг 800, пиёз 1 минг 800 сўмдан сотилаётганига гувоҳ бўлдик.
Ушбу расталарда сотилаётган маҳсулотларнинг нархи нима учун арзонлиги билан қизиққанимизда мутахассис Ҳаёт Муродов бу расталардаги фермерлар маҳсулотини сотгани учун бозор маъмуриятига ижара ҳаққи ёки патта пули тўламасликларини, шу боис ҳам нархлар доимо бир хилда туришини билдирди.

“Эски жўва деҳқон бозори” АЖ директори Шуҳрат Файзуллаев ҳозирги кунда бозор омборида 24 минг тонна ёғ, 10 тонна шакар, 150 тонна картошка захирада сақланаётганини, олиб-сотарлар нархларни ошириб юбормасликлари учун арзонлаштирилган савдо ярмаркаларини ҳар куни янги-янги маҳсулотлар билан тўлдириб қўйишганини билдирди.
– Ҳар гал нафақамни олган куним Чорсу бозорига тушиб, арзонлаштирилган расталардан 20 килограмм картошка сотиб оламан, – дейди Хайдарали Усмонов. – Оиламиз катта, невараларим кўп. Картошкани жуда кўп истеъмол қиламиз. Бозордаги сархил сабзавотларни кўриб, қишга ҳам ғамлаб қўйиш керак, деб ўйлаб турибман.
Биз нисбатан арзон ҳисобланган Қўйлиқ ҳамда Эски Жўва деҳқон бозоридаги нархлар билан танишдик. Балки бу ердаги нархлар бошқа худуддаги бозорлардан фарқ қилар. Бу табиий. Қишлоқ хўжалик маҳсулотлари нархини келтириш билан бир нарсага – олдинда бизни қиш кутаётганига эътибор қаратмоқчимиз. Унга ҳозир, пишиқчилик пайтида тайёргарлик кўриб қўйсак, эртага ўзимизга осон бўлади.
Нигора Раҳмонова, ЎзА