Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Навоий вилоят Кенгаши томонидан Навоий давлат университети қошидаги “Қатағон қурбонлари хотираси” музейида “Ўзликка саёҳат музейдан бошланади” шиори остида “Ўзимизники” акциясига старт берилди.
Тадбир давомида иштирокчиларга акциянинг мазмун-моҳияти, ташкил этиш ва ўтказиш тартиблари ҳақида батафсил маълумот берилди.

– Ушбу акцияни ташкил этишдан мақсад мамлакатимизда ички туризмни ривожлантириш, юртдошларимизнинг музейларга бўлган қизиқишларини ошириш, миллий қадриятларимиз ва тарихий меросимизни кенг тарғиб этиш, шунингдек, аҳолининг, айниқса, ёшларнинг ижодий салоҳиятини қўллаб-қувватлашдан иборатдир, – дейди партия вилоят Кенгаши бош мутахассиси Хуршид Тошев. – Акцияда иштирок этишни истаган ҳар бир иштирокчи вилоятимиздаги музейларда сақланаётган, аҳолига деярли маълум бўлмаган ноёб экспонатлар ҳақида видеолавҳа тайёрлаб, тақдим этиши лозим.

Музей раҳбари Хуршид Қурбонов иштирокчиларга музейда сақланаётган ноёб экспонатлар ҳақида маълумот бериш жараёнида уларнинг бугунги кунда тутган ўрни ва аҳамияти ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди.

– Музейимизда сақланаётган ҳар бир экспонат тарихимизнинг кечаги куни ҳақида сўзлайди, – дейди Х.Қурбонов. – Биргина жадид боболаримиз учун ажратилган бурчакни олайлик. Ўтган асрнинг бошларида юртпарвар, миллатпарвар боболаримиз “жадидчилик” яъни, янгиланиш ва эркинлик, адолат ва тенглик, илм-маърифат ва миллий ўзликни англаш ғояларини байроқ қилиб, кураш майдонига мардона чиққанларини барчамиз яхши биламиз.

Бу улуғ зотларнинг мақсади жаҳолат ва қолоқлик гирдобида қолиб келаётган Туркистон халқини дунёвий илм-фан, илғор касб-ҳунарлар билан қуроллантириб, умумбашарий ривожланиш йўлига олиб чиқишдан иборат эди.

Шу маънода бугунги кунда бутун халқимизнинг қалбидан чуқур жой олган, умуммиллий ҳаракатга айланиб улгурган “Янги Ўзбекистон” ғояси замирида ҳам ана шундай улуғ аждодларимиз, умуман олганда, миллий тарихимизда Биринчи ва Иккинчи уйғониш даврларига асос солган аллома боболаримизнинг орзу-интилишлари ва армонлари ҳам мужассам.

Тадбир иштирокчилари музейда сақланаётган тарихий манба ҳамда экспонатлар ҳақида ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олди.
А.Бўриев, ЎзА