Ўзгаришлар солиқ тўловчиларга етказилмоқда
Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 29 декабрдаги «Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонуни қабул қилинди. Солиқ кодексининг амалдаги 75 та моддасига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Шунингдек, Президент қарори билан солиқ тўловчиларга бир қатор ҳуқуқ ва енгилликлар тақдим этилди.
Хоразм вилояти давлат солиқ бошқармаси томонидан ушбу янгиликларни солиқ тўловчиларга етказиш мақсадида кўргазмали амалий семинар ташкил этилди. Унда қонунчиликдаги янгиликлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Жумладан, тадбиркорларга улар умумий майдони минг квадрат метрдан (10 сотихдан) ортиқ бўлган ер участкаларига ва (ёки) бино (иншоот)ларга мулк ҳуқуқини қўлга киритганда мол-мулк ва ер солиғи бўйича тўловларни олти ойга кечиктириш ҳуқуқи берилмоқда.

– Суғориладиган ер майдони 25 гектардан кўп бўлган қишлоқ хўжалиги корхоналари қўшилган қиймат солиғи тўлашга ўтказилиши белгиланди, – дейди вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Ҳурмат Абдукаримов. – Амалда 50 гектардан кўп ер майдонига эга корхоналар қўшилган қиймат солиғи тўлашга ўтар эди. Бугунги кунда, вилоятда суғориладиган ер майдони 25 гектардан 50 гектаргача бўлган ва қўшилган қиймат солиғи тўлашга ўтмаган 178 та корхоналарни ушбу тизимга ўтказиш орқали, уларда ҳисобга олинган (техника хизмати, уруғ, ёқилғи, минерал ўғит ва бошқа товарлар сотиб олинганда) қўшилган қиймат солиғи суммасини бюджетдан қоплаб бериш имконияти яратилади. Ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида олий ва профессионал таълим муассасаларида ўқиш учун тижорат банкларидан олинган таълим кредитларини (фоизлари билан) қоплашга йўналтирилган маблағлар, ёш оила томонидан олинган ипотека кредитларини ва улар бўйича ҳисобланган фоизларни 15 миллион сўмгача миқдорда қоплашга жалб қилинган суммалар даромад солиғидан озод қилинди. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, солиқ имтиёзлари ҳисобига 545 миллион сўм маблағлар фуқаролар ихтиёрида қолдирилади.

– Семинар давомида барча маълумотларга эга бўлдик, – дейди бош ҳисобчи Гулжон Пириева. – Ўйлайманки, бу янгиликлар фаолиятимизда дастуриламал бўлиб хизмат қилади. Бу каби тадбирларнинг доимий ўтказилиши фаолиятимизни янада такомиллаштиришга хизмат қилади.

Тадбирда дастлаб тадбиркорлар учун яратилган қатор солиқ имтиёзлари бўйича тақдимотлар ўтказилди. Хусусан, юридик шахслар учун мол-мулк ва ер солиқлари ставкаларининг пасайтирилгани мол-мулк солиғи бўйича солиқ базасини аниқлашда, кўчмас мулк объектининг 1 кв.метри учун мутлақ қийматда белгиланган минимал миқдорнинг белгилангани хусусида батафсил маълумотлар бериб ўтилди.

Семинарда Давлат солиқ хизмати органлари томонидан солиқ маъмуриятчилигини рақамлаштириш натижасида босқичма-босқич жорий этилаётган “Е-актив”, “Е-ижара”, “Е-имтиёз” тизимлари бўйича 2022 йилда жорий қилинган янгиликлар, шунингдек, якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан ёлланган ходимларни давлат солиқ хизмати органларида ҳисобга қўйиш, солиқ солинадиган даромадлар ва чегириладиган харажатлар ҳисобини юритиш тартиблари бўйича тушунтиришлар берилди.
Аҳмаджон Шокиров, ЎзА