Ўзбекнинг паҳлавон ўғлони яна шоҳсупада
Бугун оғир атлетика бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Акбар Жўраев “Париж – 2024” ёзги Олимпиядаси ўйинларининг кумуш медалини қўлга киритди.
Мусобақани Акбар Жўраев туғилиб ўсган Тошкент вилояти аҳолиси ҳам ҳаяжон билан кузатиб борди. Жумладан, Бўстонлиқ тумани ҳокими Ж.Аҳмедов, вилоят спорт бошқармаси бошлиғи Р.Бобоқулов, Спорт мактаби жамоаси, спортчининг оила аъзолари, яқинлари ва дўстлари мусобақани тўғридан-тўғри трансляция орқали томоша қилди.
Акбар Жўраев нафақат Тошкент вилояти, балким мамлакатимизнинг фахри. Туман ҳокими ўғлининг ғалабаси билан спортчининг онаси Ҳафиза Норматовани қутлаб, гуллар совға қилди. Онанинг таассуротлари билан ўртоқлашдик.
– Ўғлимнинг бугунги эришган ютуғидан хурсандман, – дейди Ҳ. Норматова. – Иккинчи бор Олимпия ўйинлари совриндори бўлди. Мусобақага тайёргарлик кўриш жараёнида суҳбатлашганимизда бу гал анча қийин бўлишини айтарди. Сабаби, бошқа вазн тоифасида қатнашди. Шундай бўлса ҳам Олимпиада ўйинларига пухта тайёргарлик кўрди. Фарзандим мамлакатимиз шарафи учун бор куч ва маҳоратини намойиш этди. Биз уни ҳар лаҳзаларда барча яқинларимиз билан руҳан қўллаб турдик.
Фарзандимни мусобақага кузатиш чоғида “ Сенга юрт ишонган, Президент ишонган. Уларнинг ишончини оқлаш учун бор имкониятингни ишга сол. Янги Ўзбекистонни дунёга танитиш қўлингдан келади” деб дуо қилгандик. Бугун дадасининг туғилган куни. Фарзандимнинг ютуғи дадасига ва юртга катта совға бўлди.
А.Мусаев, ЎзА мухбири