Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги мавқеи ошмоқда
Бу йил Япония ва Ўзбекистон ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 30 йил тўлди.
Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги замонавий ҳамкорлик алоқалари 1992 йил 26 январь куни икки давлат ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилгач, ривож топа бошлади.
Айниқса, 2019 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Японияга расмий ташрифи мамлакатларимиз ўртасида сўнгги йилларда изчил ривож топаётган муносабатларни янги босқичга кўтарди, стратегик шериклик имкониятларини кенгайтирди. Таъкидлаш жоизки, Шавкат Мирзиёевнинг Японияга ташрифи доирасида 50 га яқин ҳужжат имзоланди.
Иқтисодий соҳадаги ҳамкорлик Ўзбекистон–Япония муносабатларидаги устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Ушбу йўналишда Ўзбекистон–Япония ва Япония–Ўзбекистон қўмиталари фаолият юритиб келмоқда. Хусусан, Ўзбекистон инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги тузилмасида Япония билан ҳамкорликни ривожлантириш бўйича бошқарма ташкил қилинди, Ўзбекистоннинг Япониядаги элчихонаси ҳузурида эса хусусий бизнес билан ишлаш бўйича маслаҳатчи лавозими жорий этилди.
Ўзбекистонда Япония сармояси иштирокида 22 та, жумладан, 8 та корхона 100 фоиз Япония капитали асосида фаолият юритмоқда. Япониянинг 15 та трансмиллий компаниялари ваколатхоналари Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган. Мазкур компаниялар нефть-газ, нефть-кимё ва кимё тармоғи, энергетика жиҳозлари ишлаб чиқариш, машинасозлик ва машина техника маҳсулотлари, транспорт-логистика хизматларини кўрсатиш, савдо операциялари, туризм соҳасига ихтисослашган.
Эътироф этиш керакки, икки мамлакат ўртасидаги маҳсулот айирбошлаш ҳажми 1,8 баробар ортиб, 2021 йилда қарийб 400 миллион долларни ташкил қилди. Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги ташқи савдода манфий сальдо кузатилишига қарамай, 2021 йилда экспорт аввалги йилларга нисбатан 49 фоизга ортди.
Бугун Ўзбекистонда «Marubeni», «Mitsubishi Motors», «Japan Oil, Gas and Metals National Corporation (JOGMEC)», «Toyota Tsusho», «Itochu», «Isuzu Motors Ltd.» ва бошқа машҳур япон компаниялари иш юритмоқда.
Япониялик инвесторларнинг Ўзбекистонга бўлган қизиқиши кундан-кунга ортиб бормоқда, бунга Президент Шавкат Мирзиёевнинг прагматик сиёсати йўл очиб бермоқда.
Маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорлик ҳам алоҳида эътиборга молик, зеро Япониянинг маданий ва маърифий ўзига хослиги Ўзбекистоннинг тарихий ва замонавий ҳаёти билан ҳамоҳангдир.
Маданиятлараро мулоқотни муваффақиятли ривожлантиришда 1999 йил таъсис этилган «Ўзбекистон–Япония» дўстлик жамиятининг салмоқли ўрни бор. Жамият Япониянинг «Япония–Ўзбекистон» дўстлик ассоциацияси ва «Фукушима–Ўзбекистон» маданий-иқтисодий ҳамкорлик ассоциацияси билан яқин алоқалар ўрнатган.
Икки мамлакат шаҳарларини безаб турган қатор маданий иншоотлар халқларимизнинг дўстлиги ва ўзаро англашувининг рамзларига айланиб улгурди.
Бугун ўзбекистонлик кўплаб ёшлар Японияда таълим олишга интилмоқда. Япон тилини ўзбек йигит-қизлари қизиқиб ўрганмоқда. Сўнгги 20 йилда 4 мингдан ортиқ ўзбек талабаси Японияда таълим олди. Шунингдек, Ўзбекистондаги олтита олий ўқув юрти таълим дастурларига ҳам япон тилини ўрганиш киритилган.
Шунингдек, Япония халқаро ҳамкорлик ташкилотининг (JICA) минтақавий ваколатхонаси кўмагида қатор университетларда мазкур тилни ўрганиш марказлари очилган.
Ишонч билан айтиш мумкинки, Ўзбекистон ва Япония халқлари ўртасидаги чуқур тарихий ва маданий алоқалар, замонавий муносабатларнинг эришилган даражаси, шунингдек, икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш учун ҳали фойдаланилмаган улкан салоҳиятлар мавжуд.
Мен Ўзбекистон Президентига чуқур ҳурматимни билдираман. У халқаро ҳамжамиятни мамлакатга қаратиш учун турли жабҳаларда, жумладан сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий соҳаларда чуқур ислоҳотларни амалга оширмоқда. Албатта, келажакда давлатларимиз ўртасидаги стратегик шериклик янги босқичга кўтарилади, самимий дўстона муносабатларимиз янада мустаҳкамланади.
Ёшинори ФУЖИЯМА,
Япониянинг Ўзбекистондаги
Фавқулодда ва мухтор элчиси