Ўзбекистоннинг сўмдаги суверен облигациялари “GBI-EM” индексига киритилди
Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Ахборот хизмати хабар берди. Унга кўра, “J.P. Morgan” инвестиция банки Ўзбекистоннинг сўмдаги суверен халқаро облигациялари 2026 йил 30 сентябрдан бошлаб “Government Bond Index - Emerging Markets” (GBI-EM) индекси таркибига киритилишини маълум қилган.
“GB-EM” ривожланаётган мамлакатларнинг миллий валютадаги давлат облигациялари бозорини кузатувчи дунёдаги нуфузли индекслардан бири ҳисобланади. Ундан 300 миллиард доллардан ортиқ активларни бошқараётган халқаро инвесторлар инвестиция қарорларини қабул қилишда фойдаланади.
Ўзбекистон миллий валютадаги суверен облигациялари “GBI-EM” индексига киритилаётган МДҲдаги биринчи ва ҳозирча ягона давлат бўлади. Бу мамлакатнинг халқаро молия бозоридаги мавқеини мустаҳкамлаш, инвесторлар базасини кенгайтириш ва ташқи манбалардан маблағларни янада мақбул шартларда жалб қилиш имкониятларини оширади.
2026 йилда Ўзбекистон 1 миллиард доллар эквивалентидаги 3 йиллик сўмдаги суверен халқаро облигацияларни 12,25 фоиз ставкада жойлаштирган. Мазкур ставка ички молия бозоридаги ўртача кўрсаткичдан 14 базис пунктга паст бўлган. Ушбу эмиссия Марказий ва Шарқий Европа, Яқин Шарқ ҳамда Африка минтақасида сўнгги 15 йилда миллий валютада амалга оширилган энг йирик транзакция сифатида қайд этилган.
Мамлакатимизнинг халқаро молия бозоридаги мавқеи кредит рейтингларидаги ижобий ўзгаришларда ҳам намоён бўлмоқда. Хусусан, “Fitch” Ўзбекистоннинг суверен кредит рейтингини “BB-”дан “BB”га ошириб, рейтинг кутилмасини “Барқарор”дан “Ижобий”га ўзгартирган. “S&P” рейтингни “BB-”дан “BB”га кўтарган бўлса, “Moody’s” Ўзбекистон рейтингини “Ba3”дан “Ba2”га оширган.
Халқаро рейтинг агентликлари Ўзбекистонда макроиқтисодий барқарорликни мустаҳкамлаш, иқтисодий ўсишни диверсификация қилиш, бюджет интизомини кучайтириш ва давлат қарзини барқарор даражада сақлаш бўйича амалга оширилаётган чораларни ижобий баҳоламоқда.
Шу билан бирга, мамлакатда ички давлат қимматли қоғозлари бозорини ривожлантиришга ҳам эътибор қаратилмоқда. Давлат қимматли қоғозларининг ўртача тортилган фоиз ставкаси 2022 йилдаги 17,1 фоиздан 2026 йил биринчи ярим йиллигида 12,6 фоизга пасайган. Ўртача сўндириш муддати эса 1,5 йилдан 2,35 йилга узайган.
Бу ўзгаришлар маблағ жалб қилиш харажатларини камайтириш ва қайта молиялаштириш хатарларини пасайтиришга хизмат қилмоқда. Шунингдек, халқаро инвесторларни ички молия бозорига жалб қилиш учун зарур инфратузилма яратилмоқда.
Жумладан, 2026 йилда “Raiffeisen Bank International” томонидан Ўзбекистон бозорида кастодиан хизматларини жорий этиш бўйича ишлар бошлангани хорижий инвесторларнинг маҳаллий қимматли қоғозларга кириш имкониятларини кенгайтиришга йўл очади.
Умуман, Ўзбекистоннинг “GBI-EM” индексига киритилиши мамлакатимизнинг халқаро молия бозоридаги нуфузини ошириш, инвесторлар доирасини кенгайтириш ҳамда зарур молиявий ресурсларни янада мақбул шартларда жалб қилиш учун янги имкониятлар яратади.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА