Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти туристлар диққат марказида
Айни баҳор мавсуми гўзал ва бетакрор юртимизга ташриф буюрувчи сайёҳлар оқимини янада оширмоқда. Юртимиздаги турли обидалар, тарихий ёдгорликлар, зиёратгоҳлар, қолаверса, ранг-баранг табиат манзиллари ҳам маҳаллий, ҳам хорижий сайёҳларни ўзига чорламоқда. Бугун қай бир ҳудудга, диққатга сазовор жойларга борманг, ҳаммаси туристлар, меҳмонлар, зиёратчилар билан гавжум.
Рамазон ҳайити ва Наврўз айёми арафасида расман очилган пойтахтимиздаги Ислом цивилизацияси маркази ҳамда Самарқанддаги маҳобатли Имом Бухорий мажмуаси ташриф буюрувчилар учун янги, янада қайноқ ва ўзига тортувчи локациялардан бири бўлмоқда.

Мамлакатимизда иқтисодиётнинг муҳим тармоғи бўлган туризм ривожига устувор аҳамият қаратилаётгани, сайёҳлар учун қулайликлар, шарт-шароитлар яратиб берилаётгани соҳанинг йилдан-йилга равнақ топишига хизмат қилмоқда. Соҳага хусусий сектор вакиллари кенг жалб этилмоқда, ҳудудларда меҳмон уйлари, туризм қишлоқлари ташкил қилиняпти. Эркин туристик зоналари ташкил этилиб, уларни янада ривожлантириш концепциялари амалга оширилмоқда. Бир сўз билан айтганда, мамлакатимизда туристик инфратузилма тубдан яхшиланмоқда. Бу эса сайёҳлик манзилларининг янада чирой очишига, сайёҳларни ўзига оҳанрабодек тортишига замин бўлаётир.

Соҳадаги саъй-ҳаракатлар натижаси ўлароқ, хориждан юртимизга ташриф буюраётган сайёҳлар оқими кескин ортмоқда. Рақамларга тўхталсак, Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2026 йилнинг январь-февраль ойларида 156 та мамлакатдан жами 1 миллион 776 минг 336 нафар чет эл фуқаролари туристик мақсадларда Ўзбекистонга ташриф буюрган.

Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 441 минг нафарга ёки 33 фоизга ошган. Туристлар сони бўйича Қирғиз Республикаси, Тожикистон, Қозоғистон, Россия, Афғонистон, Туркманистон, Хитой, Туркия, Ҳиндистон, Корея Республикасидан келган сайёҳлар етакчилик қилмоқда.

Дарҳақиқат, Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти, тинч-осойишталиги ва хафвсиз экани қўшни ва узоқ юртлардаги инсонларни ўзига чорламоқда. Мавжуд туристик салоҳиятимиздан самарали фойдаланиш эса ҳам юртимиз довруғини дунёга таратишда, ҳам мамлакат иқтисодиёти мустаҳкамлигида муҳим ўрин тутади.
Муҳтарама Комилова, ЎзА