Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари 2026 йил февраль ойига келиб илк бор 75 миллиард доллардан ошди. Марказий банк маълумотларига кўра, 2026 йил январь ойи якунида мамлакатнинг халқаро захиралари 75,08 млрд. долларни ташкил этган.
Бир ой давомида захиралар ҳажми 8,8 млрд. долларга ошган. Шу билан, олтин-валюта захиралари кетма-кет олтинчи ой ўз тарихий максимумини янгилади. Сўнгги бир йил ичида халқаро захиралар ҳажми 82 фоиздан ортиқ кўпайган.
Январь ойида захиралар таркибидаги олтин қиймати қарийб 10 млрд. долларга ўсиб, 65 млрд. долларга яқинлашди. Олтиннинг физик ҳажми эса 12,8 миллион троя унцияни ташкил этди. Шу билан бирга, валюта захиралари 1,2 млрд. долларга қисқариб, 9,5 млрд. долларга тушган.
Олтин захиралари қийматининг кескин ошишига жаҳон бозорларида олтин нархларининг кўтарилиши асосий омил бўлди. Хусусан, 2026 йил январь ойида олтин нархи илк бор бир троя унция учун 5,5 минг доллардан ошди.
Маълумот учун, 2025 йил 1 ноябрь ҳолатига кўра Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари қиймати илк бор 59,3 млрд. доллардан ошган. 2025 йил 1 декабрда ушбу кўрсаткич 61,23 млрд. долларни, 2026 йил январь ойида эса 66,3 млрд. долларни ташкил этган эди.
Ш.Маматуропова, ЎзА