“Ўзбекистоннинг мақсадлари ва стратегияси билан танишиш учун яхши имконият бўлди” – Ҳусайн Ал-Новайс
Инвестор фикри
Мамлакатимиз иқтисодиёти ривожланиши ва аҳоли сонининг ўсиши натижасида юзага келаётган талабдан келиб чиқиб, юртимиз энергетика тизимида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрида ўтказилган Ёқилғи-энергетика тармоғидаги инвесторлар кенгашининг биринчи йиғилиши доирасида Бирлашган Араб Амирликларининг етакчи компаниялари раҳбарларини қабул қилди. Учрашувда “AMEA Power” компанияси раиси Ҳусайн Ал-Новайс ҳам иштирок этди.
Бугунги кунда Бирлашган Араб Амирликлари билан стратегик шериклик алоқалари жадал суръатларда ривожланиб бормоқда. Маълумотларга кўра, йил бошидан буён ўзаро савдо ҳажми 40 фоизга ўсди. Айни пайтда йирик инвестиция лойиҳалари муваффақиятли ҳаётга татбиқ этилмоқда.
Айниқса, “яшил” энергетика, замонавий инфратузилма, саноат кооперацияси, туризм ва хизмат кўрсатиш соҳаларидаги ўзаро манфаатли лойиҳалар кўлами сезиларли даражада кенгайди.

– Компаниямиз Яқин Шарқ, Африка ва Марказий Осиё мамлакатларида истиқболли лойиҳаларни муваффақиятли амалга ошириб келмоқда, – деди “AMEA Power” компанияси раиси Ҳусайн Ал-Новайс. – Ҳозирги вақтда Қорақалпоғистонда шамол электр станцияси, Бухорода эса энергияни жамлаш (аккумулятор) тизимларини барпо этиш устида ишлаяпмиз. Биз Ўзбекистонга янада кўпроқ сармоя киритиш истагидамиз. Бу ерда инвесторлар учун кенг имкониятлар яратилган ва бундай қулай муҳит Президент Шавкат Мирзиёевнинг оқилона раҳбарлиги ҳамда кучли сиёсий иродаси самарасидир. Шу боис мамлакатингиздаги инвестицияларимиз кўламини янада кенгайтиришга интиляпмиз.
Муҳтарам Президентнинг шахсан биз, сармоядорлар билан учрашиб, Ёқилғи-энергетика тармоғидаги инвесторлар кенгашининг илк йиғилиши доирасида очиқ мулоқот қилгани жуда муҳим воқеа бўлди. Ушбу кенгаш ва ўтказилган конференция Ўзбекистоннинг стратегик мақсадлари билан яқиндан танишиш учун юқори даражадаги платформа бўлиб хизмат қилди.
Бу ерда Ўзбекистоннинг келажагига ишонадиган ва биз билан ҳамфикр бўлган инвесторлар ҳамда мутахассислар билан учрашганимиздан мамнунмиз.
ВИДЕОСИ ҚУЙИДА:
Абдулазиз РУСТАМОВ,
Ёқубжон МЕЛИБОЕВ (видео),
ЎзА