Ўзбекистоннинг Исроилдаги элчихонаси ватандошларимизни огоҳлантирди
Исроилда вазият кескинлашиши мумкин. Ўзбекистоннинг ушбу мамлакатдаги элчихонаси фуқароларни хавфсизликни кучайтиришга чақириб, шахсий ҳимоя учун муҳим тавсиялар берди.
Ўзбекистон Республикасининг Исроил Давлатидаги элчихонаси мазкур мамлакатда бўлиб турган фуқароларимизни хавфсизлик чорасини кучайтиришга чақирди. Бу ҳолат ҳудуддаги хавфсизлик вазияти кескинлашиши эҳтимоли билан боғлиқ. Дипломатик ваколатхона барча ватандошларимиздан Исроил Фронт орти қўмондонлиги томонидан берилаётган кўрсатмаларга қатъий амал қилишни сўради.
Хусусан, шахсий хавфсизликни таъминлаш мақсадида қуйидаги тавсияларга риоя этиш зарур:
Ҳар доим бошпана ва ҳимояланган жойларга яқин ҳудудда ҳаракатланиш;
Ҳаво ҳужумидан огоҳлантирувчи қўнғироқ янграганда, зудлик билан энг яқин хавфсиз жойга кириш;
Фронт орти қўмондонлигининг расмий рухсатисиз ҳимояланган жойни тарк этмаслик;
Расмий оммавий ахборот воситалари ва фавқулодда хизматлар хабарларини мунтазам кузатиб бориш.
Шунингдек, зарур ҳолатларда шошилинч боғланиш ва тезкор мурожаат қилиш учун элчихона алоқа воситалари тун-у кун фаол ишлаши маълум қилинди.
Ф.Яхшибоева, ЎзА